Навоий шаҳри ва Нурота туманида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ҳамда республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти томонидан “Ўзбекистонда онкологик юқумли касалликларнинг олдини олиш бўйича аҳолининг хабардорлигини ошириш”лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.
Учрашувларда республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Мафтуна Саидова, Вирусология илмий-тадқиқот институти ходими, тиббиёт фанлари номзоди Шаҳноза Бакиева одам папиллома вируси, гепатитнинг турлари, этиологияси, клиникаси, диагностика ва даволаш, иммунизация масалалари юзасидан маълумот берди.
[gallery-21545]
– Президентимизнинг 2022 йил 16 майда “Айрим долзарб вирусли инфекциялар тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган бўлиб, вирусли гепатитнинг “В” ва “С” турларини эрта аниқлаш учун юртимизнинг барча ҳудудларида бепул скрининг текширувлари ўтказилиб, тестлар амалга оширилмоқда, – дейди Мафтуна Саидова. – Бу бепул тестларга Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, 18 ёшга тўлган шахслар ўз ҳудудидаги оилавий поликлиникаларга бориб мурожаат қилиши мумкин. Тестлар натижаси мусбат чиққанда, беморлар даволанишга йўналтирилади. Гепатит “С”ни даволаш учун Миср давлати ўзаро ҳамкорлик доирасида беғараз ёрдам сифатида бепул дори-дармонлар етказиб бермоқда. Ушбу дори воситалари, тестлар гепатология марказларига юборилади ва якунловчи босқичлардан ўтказилади. Тиббий кўриклардан ўтгандан кейин ҳақиқатдан ҳам гепатит аниқланса, дорилар вируснинг даражасига қараб берилади. Учрашувда одам папиллома вируси ҳақида ҳам тўхталдик. Бу вирус аёлларда кўп учрайдиган бачадон бўйни саратони касаллигини келтириб чиқаради. Ҳозирда 30 ёшдан 60 ёшгача бўлган аёлларни бепул скрининг текшируви билан қамраб олишни мақсад қилганмиз. Асосий кўзланган мақсад аёллар ўртасида ёш ўлим кўрсатгичини камайтириш ва улар орасида касаллик оқибатида келиб чиқадиган ногиронликнинг олдини олишдир. Чунки бир йилда бу касаллик орқали 35 ёшдан 50 ёш орасидаги 900 дан ортиқ аёлни йўқотамиз. Бу ёш айни даврда жамиятга, оиласига фойдаси тегадиган ёш ҳисобланади.
Вирусли инфекциялар юқишининг олдини олиш тадбирлари бўйича аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш касалликларни эрта аниқлаш ҳамда даволашнинг самарали усулларидан саналади.
Учрашувда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/52jgG0Flk3o" title="Yuqumli kasalliklarning oldini olish dolzarb vazifa" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.Бўриев, С.Аслонов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари