French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғининг доривор гиёҳлари
12:07 / 2023-08-24

Сурхондарё вилояти ўзининг табиий шифобахш гиёҳ ва ўсимликлари билан ҳам машҳур. Турли дардларга дармон бўлгувчи табиатнинг ноёб бойликлари ёз фаслида осмонўпар тоғларга ўзгача гўзаллик ва тароват бағишлайди. Нафис ифори гўёки баланд тоғ чўққиларини ҳам сармаст, сархушт қилиб қўйгандек таассурот уйғотади.

Сариосиё туманидаги  “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг “Тамшуш” ва “Зевар” бўлимларидан 27 минг 851 гектар майдонда ястаниб ётган “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ҳам шифобахш ўсимликларга жуда бой. Бу ерда доривор гиёҳларнинг юзлаб ноёб турларини учратиш мумкин. Тоғу–тошларни ёриб чиққан ўсимликларнинг муҳофазага олингани уларнинг йил сайин кўпайиб боришига хизмат қилмоқда.    

–Она табиат сиру-синоатга жуда бой, – дейди “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи директори Нуриддин Сатторов. – Масалан, “Тамшуш”да учратган доривор ўсимликлар “Зевар” бўлимимизда ўсмайди. Ёки “Зевар”да дуч келган гиёҳларингиз “Тамшуш” бўлимимизда бўлмайди. Қорлар эриши билан тошлар орасидан ёриб чиқадиган шифобахш неъматлар ҳиди атрофни яна оппоқ қор буркагунча уфуриб туради. Пишиб, етилаётган даврида димоққа хуш ёқадиган бу манзара янада ифорли, теварак-атроф эса янада тароватли бўлади.  

Ёз чилласи ортда қолиб, тоғлар қўйнида салқин шабада эса бошлаган шу кунларда суратга олинган бу ноёб ўсимликларни миллий табиат боғининг “Зевар” бўлимида учратасиз. Туркистон дўланаси ёки қизил дўлана номи билан машҳур доривор ўсимлик, Ҳисор торани, йирик баргли алқор, ўрта кўкамарон, икки бўйинчали нордонўт каби гиёҳларнинг тошларни ёриб, кўкка бўй чўзаётгани, гўзаллиги ва турфа ҳиди билан атрофни мафтун этаётганидан ўзгача завқ туясиз. Димоққа хуш ёқадиган ифоридан бир зумда танангиз яйраб, қушдек енгил бўлиб қоласиз.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,  

ЎзА мухбири