Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғига медиа-тур уюштирилди (+видео)
17:26 / 2024-03-13

Ҳисор тоғ тизмалари бағрида “Узун” давлат ўрмон хўжалигининг 27 минг 851 гектар майдонида “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ташкил этилган. Тоғлар билан ўралган миллий боғ ўзининг бағрида “Қизил китоб”га киритилган ноёб жониворлар, қушлар, турли дов-дарахт ва шифобахш ўсимликлар, ранг-баранг гулларни асраб келмоқда. Ўзига хос табиат мўъжизаларига эга бўлган мазкур миллий табиат боғи билан журналистларни таништириш мақсадида вилоят Туризм бошқармаси, Ахборот ва оммавий коммуникациялар ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида медиа-тур ташкил қилинди.

Тонг саҳардан йўлга чиққан иштирокчилар манзилга яқинлашар экан, кенг тоғлар орасида қўним топган фойдали минералларга бой “Тўпаланг” сув омборида тўхтади. Тоғлардаги қор ва муз эришидан йиғиладиган сув манзараси журналистларда катта таассурот қолдирди. Айтиш керакки, ушбу жамланган сув бугунги кунда “Тўпаланг” сув омбори лойиҳасининг биринчи босқичи асосида Сариосиё, Денов, Шўрчи ва Қумқўрғон туманларига етиб борган. Лойиҳанинг иккинчи босқичида марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 90 фоизга етказилади. Бундан Сариосиё, Денов, Шўрчи, Қумқўрғон, Жарқўрғон, Бандихон, Қизириқ, Шеробод, Ангор, Музработ, Термиз туманлари ва Термиз шаҳридаги икки миллионга яқин аҳоли бемалол фойдаланади. Лойиҳани эса 2024 йилда ўз ниҳоясига етказиш мўлжалланган.

[gallery-16382]

Иштирокчилар навбатдаги манзилда миллий боғ остонасида жойлашган Кундаи жувоз қишлоғининг гўзал табиат билан танишди. Улар қишлоқда ташкил қилинган меҳмон уйлари, туризмни ривожлантириш ва сайёҳларни жалб қилиш бўйича қилинаётган ишларни кўрди. Йиллар давомида табиат берган неъматларни асраётган Кундаи жувоз ва Усточи беоб, Мизот, Занбек, Зинчоб, Киштут, Тамархуд, Зевар каби ҳудудларда тарихи узоқ ўтмишга бориб тақаладиган турли дов-дарахтлар, “Қизил китоб”га киритилган ноёб жониворлар ва қушлар, дарёларида қизил форель, ширмой (маринка) балиқлари ҳақидаги маълумотлар айниқса, барчани қизиқишини оширди.

– Миллий табиат боғи Ҳисор тоғ тизмасининг жануби-ғарбий қисмида 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, мазкур ҳудудда Ҳисор тизмасидаги тоғ-ўрмон экотизими, ноёб ҳайвон ва ўсимлик турлари муҳофаза қилинади, деди миллий табиат боғи директори Нуриддин Сатторов. – Умумий майдони 27581 гектар бўлиб, шу жумладан, тоғ ўрмонлари эгаллаган ҳудуд 7294,0 гектар ва денгиз сатҳидан 1000-3800 метргача бўлган баландликдаги ҳудудни ўз ичига қамраб олади. 

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/x0I8wMy0nFs" title="“Yuqori Toʻpalang” milliy tabiat bogʻiga media-tur uyushtirildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Энг юқори нуқтаси Сагдор сойи бўлиб, денгиз сатҳидан 3800 метр баландликка эга. Баландлиги 600-800 метр келадиган тик қоялар тоғ юзасидан ажралиб туради. Энг йирик сойлар Зеварсой, Дилисой, Обиферузасой, Тамархудсой, Бордонсой, Хўжасиддиқсой, ва бошқалар бўлиб, улар ичида энг серсуви Зеварсой ҳисобланади. Машҳур сойларимиздан бири Хўжасиддиқсой бир неча 100 йиллик тарихга эга.

Медиа-тур давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари тик тепаликдан пастга тушиб “Тўпаланг” суви бўйлаб махсус йўлга қўйилган катерда табиат манзарасини томоша қилди. Медиа-тур таассуротларга бой тарзда ўтди.

Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА