Куни кеча Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби томонидан Малайзия ва Корея Республикасининг яримўтказгичлар саноатида электроника, дастурлаш ҳамда лойиҳалаш муҳандисларини тайёрлаш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда қатор вазирликлар масъуллари, етакчи олий таълим муассасалари профессор ва экспертлари иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистонда яримўтказгичлар соҳаси истиқболлари, бу йўналишда илмий-амалий тадқиқотларнинг аҳамияти, жаҳон бозоридаги тенденциялар ҳамда тармоқни ривожлантиришда хорижий тажрибани ўрганиш муҳим аҳамият касб этади.
Давра суҳбати давомида иштирокчилар республикамизда яримўтказгичлар саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, тармоқда амалга ошириладиган бирламчи вазифалар, тармоқ ва илмий-тадқиқот, олий таълим муассасалари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда хорижий тажриба ва уни самарали қўллаш йўлларини муҳокама қилди.
Унда Малайзия давлатининг яримўтказгичлар саноатини тармоқдаги қиймат занжирига боғланиши натижасида ривожлантириш тажрибаси, бугунги кундаги ҳолати, соҳада кадрларни тайёрлаш масалалари бўйича тақдимот қилинди.
Шунингдек, Корея Республикасининг электроника, лойиҳалаш, дастурловчи муҳандисларни тайёрлаш, мамлакатнинг илмий салоҳияти ва бу борада эришилган ютуқлари кенг талқин қилинди.
Давра суҳбатида “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг Ўзбекистондаги яримўтказгич соҳаси бўйича салоҳиятга эга бўлган йўналишлари, иқтисодий зона ва технологик парк ташкил этиш ва уларни босқичма босқич ривожлантириш, Ион-плазма ва лазер технологиялари институтининг қувват яримўтказгичлари йўналиши, Яримўтказгичлар физикаси ва микроэлектроника институтининг халқаро ҳамкорлиги, шунингдек, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактабининг светодиодлар, LED лампалар ва экранлар, дронлар ишлаб чиқаришда яримўтказгичли компонентларни маҳаллийлаштириш бўйича таклифлари кўриб чиқилди.
Давра суҳбати қатнашчиларида германий, рух, молибден каби элементларни маҳаллий миқёсда ўзлаштириш масаласи қизиқиш уйғотди.
Иштирокчилар тадбир якунида салоҳиятли илмий ишланмалар асосида яримўтказгичли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича таклифларни киритиш, ишлаб чиқаришда яримўтказгичли компонентларни маҳаллийлаштириш, бу борада “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси билан биргаликда ишлаб чиқарувчилар билан илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш каби қатор масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликни мустаҳлашга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА