Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалининг янгидан ташкил этилган ангиография бўлимида 10 га яқин қийинчилик даражаси юқори бўлган операция ўтказилди. Улар орасида “Юрак ишемик касаллиги” билан оғриган беморлар кўпчиликни ташкил этади.
– Хусусан, “коронарография” текшириш усули хулосасига кўра, юракда очиқ операция ўтказиш таклиф этилган бир нечта беморлар очиқ амалиётни қабул қилмаганлиги сабабли юрак тож-томирлар ўтказувчанлигини стентлаш амалиёти бажарилди, – дейди филиал олий тоифали мутахассиси Бекзод Алимханов. – Ушбу амалиёт билан уларда юрак тож-томир ўтказувчанлиги муваффақиятли тикланди. Шунингдек, беморлар орасида ҳозирги кунда долзарб бўлиб келаётган “Бош мияда ўткир қон айланиши бузилиши” (инсульт) билан оғриган беморларда уйқу артериялари ўтказувчанлиги ҳам текширилди.



– Уларда керакли даво чоралари қўлланиб, инсульт хавфи юқори бўлган беморлар билан ногиронлик ва ўлим ҳолатларининг олдини олишга қаратилган профилактик ишлар олиб борилиши таъминланди, – дейди филиал олий тоифали мутахассиси Сардор Турсунов. – Бундан ташқари, гинекология, эндокринология ва неврология йўналиши соҳаларида ангиограф ёрдамида бажариш мумкин бўлган операциялар мавзусида маърузалар ўқилди.
Келгусида бу каби беморлар билан ишлаш режалари тузилди.


Юқорида кўрсатиб ўтилган мураккаб юқори технологияли каминвазив операциялар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалида фаолият олиб бораётган олий тоифали мутахассислар ҳамда филиал мутахассислари иштирокида бажарилганлигини эътироф этиб ўтиш лозим.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири