Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юқори савияда ўтказилди
16:16 / 2026-03-02

Янгиер шаҳрида спортнинг бокс тури бўйича шаҳар очиқ биринчилиги кўтаринки руҳда ва юқори савияда ташкил этилди. Мусобақа ёш боксчилар учун нафақат ўз маҳоратини синовдан ўтказиш, балки ўзаро тажриба алмашиш, дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда катта спорт майдонига қадам қўйиш учун муҳим имконият яратди.

Ушбу спорт байрамида вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан, шунингдек Қозоғистон Республикасидан жами 200 нафарга яқин спортчи иштирок этди. Турли ёш ва вазн тоифаларида кечган беллашувлар қизғин, муросасиз ва томошабоп руҳда ўтди. Ҳар бир жангда спортчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, техникаси ва ғалабага бўлган интилиши яққол намоён бўлди.

Рингга кўтарилган ҳар бир боксчи пухта тайёргарлиги, тезкорлиги ва аниқ зарбалари билан ажралиб турди. Айниқса, ёш спортчиларнинг жасорати ва ирода кучи мухлислар олқишига сазовор бўлди. Мусобақалар спорт этикаси ва ҳалоллик тамойиллари асосида, ҳакамлар ҳайъати назорати остида ўтказилди.

Мусобақанинг асосий мақсади — ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бокс спорт турини янада оммалаштириш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда уларни келгуси нуфузли мусобақаларга тайёрлашдан иборат бўлди. Халқаро иштирокчиларнинг қатнашуви беллашувларга алоҳида шукуҳ ва рақобат руҳини бағишлади.

Натижаларга кўра, 2016–2017 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида 30 кг вазн тоифасида юртдошимиз Муҳаммадназар Абдуназаров ғолиб бўлди. Шу ёш тоифасидаги 34 кг вазн тоифасида ўтказилган мусобақада қозоғистонлик Айсултан Маматов биринчи ўринни эгаллади.

2010–2011 йилларда туғилган қиз болалар ўртасида 45 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз М. Рустамова ғалаба қозонди, 48 кг вазн тоифасида эса қозоғистонлик Р. Акдидар биринчиликни қўлга киритди.

Шунингдек, 2014–2015 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида 34 кг вазн тоифасида қозоғистонлик Абилаш Дархан, 40 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Ихтиёр Бахтиёров, 35 кг вазн тоифасида қозоғистонлик Нурасел Муҳеммеджон,  2010–2011 йилларда туғилган ўғил болалар ўртасида бўлиб ўтган беллашувда эса 50 кг вазн тоифасида  ҳамюртимиз Қаҳрамон Олимжанов ғолиб бўлди.

Якунда ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.  

Ғулом Примов, Анвар Тўйчиев (сурат)  ЎзА