Кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида хусусий сектор иштироки фаол қўллаб-қувватланаётгани юқори технологияларга асосланган тиббий хизматлар кўламини кенгайтириш, соҳада соғлом рақобатни шакллантириш, тизимга хорижий инвестиция ва юқори малакали мутахассисларни жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани “Хоразм” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги замонавий тиббий клиника 2019 йил фаолият бошлаган. Ушбу объект “Beruniy innovation dmclinic” масъулияти чекланган жамиятининг 9 миллиард сўмдан зиёд инвестиция маблағи ҳисобидан барпо этилган.
[gallery-5813]
АҚШ, Европа, Япония ва Жанубий Корея давлатларининг энг замонавий тиббий ускуналари билан жиҳозланган клиникада аҳолига бир қанча турдаги сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.
– Бу ерда нафақат Қорақалпоғистон Республикаси, балки Хоразм ва Бухоро вилоятлари аҳолисига ҳам тиббий хизмат кўрсатилади, - дейди бош шифокор Воҳид Ҳакимов. – Беморларга кўз касалликларидан ташқари оториноларингология, кардиология, стоматология, гинекология, клиник лаборатория йўналишлари бўйича ҳам даволаш ишлари олиб борилади.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ, ЎзА