Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани “Қизилсой” маҳалласида 1969 йил қурилган кўприк жорий йил март ойида ёпилган.
Тадбиркорлар томонидан дарёдаги қум-шағалларни қайта ишлаш йўлга қўйилгандан сўнг кўприкка яқин бўлган ҳудудлардан ҳам меъёридан кўп миқдорда қум-шағал қазиб олинган. Натижада эса жорий йил март ойида кўприкнинг бир устуни чўккани ва кўприк хавфли ҳолга келиб қолганидан хабар топган Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг мутасаддилари кўприкни ёпиб ташлашган.
Мутасадди масъуллар кўприкни таъмирлаш чораларини қидирмаган. Аксинча, энг осон йўли – тақиқлаш ва ёпиш усулида фойдаланиб қўя қолишган.
Халқ кўприкдан яёв ўтиб-қайтиб турибди. Йуналишли таксилар эса иккига бўлинган ҳолда кўприкнинг икки томонидан халққа хизмат қилишда давом этмоқда. Бу эса йўлкиранинг бироз қимматлашишига сабаб бўлган.
Авария ҳолатига келиб қолган ушбу кўприкка энг яқин кўприк 18 километр узоқликда жойлашган. Шу боис узоқ масофадан қатнашни истамаган ҳайдовчилар эса дарёнинг саёз жойидан ўтишга мажбур бўлишмоқда. Бу ҳолат эса кўпгина ҳайдовчилар учун бироз қимматга тушаётгани ҳам бор гап. Дарёда ҳозирча сув анчагина тортилган. Вақти келиб сув кўтарилганда эса аҳоли янада қийин аҳволга тушиши аниқ.
Аҳолининг айтишича, ушбу кўприк масаласида кўпгина жойларга мурожаат қилишган экан. Мутасаддиларнинг жавоби эса ҳар доимги жавоб – “дастурга киритганмиз”. Дастур муддати эса мавҳумлигича қолмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/zbC_VkSVzdI" title="Юқори Чирчиқ аҳолиси кўприк таъмирланишига муҳтож" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>
Юқори Чирчиқ туманининг “Қизилсой” маҳалласидан ўтган мазкур кўприк оддий бир кичкина кўприк эмас, Тошкент вилоятининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида каттагина аҳамиятга эга бўлган йўл ўтказгичдир. Пойтахтимизни қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайдиган Қўйлиқ деҳқон бозорига кириб бораётган асосий маҳсулотлар ҳам айни шу кўприк орқали етиб борар экан.
Масъуллар юз минглаб аҳолига эга ҳудудларни боғлаб турувчи ушбу кўприкка жиддий эътибор қаратишса, елкаларидаги юкни халос этиш билан бирга каттагина савобга ҳам эга бўлишган бўлар эди.
Ш.Отабоев, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА