Пойтахтимизнинг Юнусобод тумани 2-сонли спорт мактаби филиали ҳудудида давлат-хусусий шерикчилик битимига асосан бунёд этилган янги спорт мажмуаси фойдаланишга топширилди.
Мажмуа ҳудудида ташкил этилган замонавий спорт зал, сунъий қопламали футбол майдони, югуриш йўлаклари, волейбол, баскетбол, узунликка сакраш, воркаут майдончалари юзлаб ёшларни спорт билан оммавий шуғулланиш имконини беради.

Бунёд этилган янги спорт мажмуаси лойиҳасининг умумий қиймати 11,4 миллиард сўмни ташкил этгани иш кўлами нечоғли қамровли бўлганини англатмоқда.
Янги спорт мажмуасининг фойдаланишга топширилиши натижасида спорт мактабида шуғулланаётган спортчилар сони янада ортади.

Спорт мактаби шуғулланувчилари ўтган йил якуни ва жорий йилнинг ортда қолган 3 ойи давомида ўтказилган турли даражадаги мусобақаларда 52 та олтин, 79 та кумуш ва 57 бронза медалини қўлга киритгани ёш истеъдодларда ғалабага бўлган кучли ирода ҳисси шаклланганидан далолат.

Янги мажмуанинг замонавий кўринишда, қулай шарт-шароитларда фаолияти йўлга қўйилгани эса ёш спортчиларнинг натижаларини янада юксалишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.


Айни ҳаракат халқимиз орасида соғлом турмуш тарзига қизиқишни янада ошириш билан бирга, жаҳон спорт майдонларида ватанимиз спорт шарафини муносиб ҳимоя қиладиган чемпионларнинг янги “олтин авлоди” етишиб чиқишига хизмат қилади.
Т.Рўзиев, ЎзА