Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юнусободда янги газ-поршенли электр станцияси қурилмоқда (+видео)
12:33 / 2025-11-26

Энергетика соҳаси мамлакат иқтисодиётида муҳим ўринга эга ва барқарор ривожланишда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Иссиқлик ва электр энергиясини самарали ишлаб чиқариш нафақат аҳоли ва саноат тармоқларини таъминлайди, балки энергия тежамкорлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ҳам муҳим натижаларга олиб келади. Шу сабабли, “Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимида амалга оширилаётган янги газ-поршенли электр станциялари каби лойиҳалар аҳамиятли ҳисобланади.

Айни кунларда пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 4-сон иссиқлик марказида 100 МВт қувватга эга янги газ-поршенли электр станцияси қурилмоқда. Ушбу лойиҳа нафақат барқарор энергия таъминоти, балки янги иш ўринлари яратиш ва табиий газ тежамкорлигини таъминлаш имконини ҳам яратади.

“Иссиқлик электр станциялари” АЖ тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖ директори Бекзод Бўронбоев бу ҳақда ЎзА мухбирига интервью берди:

–Ушбу лойиҳа Хитойнинг CNTIC, “Vpower Holdings Singapore Pte. Limited” ва “Cntic Vpower Thermal Energy” компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Ҳозирга қадар генерация майдонида 70 та когенерацион газ-поршен ускуналари, 70 та иссиқлик алмашинуви модули ва 35 та трансформатор тўлиқ жойлаштирилди. Асосий ва ёрдамчи қурилмаларни монтаж-созлаш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, 110 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш майдонида 2 та куч трансформатори, 9 та элегаз ажраткич, 6 та юқори кучланишни ушлаб турувчи қурилмалар ва 4 та қўшиб-ажраткич ҳам тўлиқ ўрнатилди.

Лойиҳани 2025 йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилган. Янги станция ишга туширилгач, 50 та янги иш ўрни яратилади, йилига ўртача 876 миллион киловатт соат электр ва 784 минг Гкал иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади. Бу эса 15 миллион метр куб табиий газни тежаш имконини беради.

Мазкур станция орқали ўртача 365 минг хонадон электр ва 58 минг хонадон иссиқлик энергияси билан таъминланади, бу эса аҳоли ҳаёти ва саноат тармоқлари учун муҳим устуворлик ҳисобланади.

Эътиборлиси, янги газ-поршенли электр станцияси қурилиши Тошкент иссиқлик марказининг барқарор энергия билан таъминланишида муҳим қадам бўлиб, аҳоли ва саноат тармоқлари учун қулайлик ва ишончлиликни таъминлайди. Лойиҳа ишга туширилгандан сўнг энергия самарадорлиги ортиб, табиий газ тежалади ва янги иш ўринлари яратилади. Шунингдек, электр ҳамда иссиқлик билан таъминлаш кўлами сезиларли даражада ошади. Бу эса мамлакатнинг иқтисодий ва экологик ривожланишига муҳим ҳисса қўшади.

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/sGl9gRkac-g?si=o4dQehjHyGIGLWDI" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Насиба Зиёдуллаева, 

Дониёр Ёқубов, 

Анвархўжа Аҳмедов (видео-монтаж),

ЎзА