Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” II республика танлови бошланди
15:27 / 2023-04-07

Бугун Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида Юнус Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” II республика танловининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда мумтоз мусиқамизнинг таниқли вакиллари, Ҳакамлар ҳайъати аъзолари, республикамизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 100 дан ортиқ танлов иштирокчилари, институт профессор-ўқитувчилари ва талабалар иштирок этди.  

Очилиш маросимида Ўзбекистон халқ артисти, “Мақом” ансамбли бадиий раҳбари, Ўзбек миллий мусиқа санъати институти фахрий профессори Абдуҳошим Исмоилов, ушбу олийгоҳнинг ўқув ишлари бўйича  проректори  Азизжон Зокиров мақом ижрочилик анъанаси, юртимизда соҳага қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар хусусида тўхталди.  

Дарҳақиқат, миллий мақомчилигимиз бетакрор, бебаҳо ва ғоят жозибали, гўзал, мўъжизакор санъатдир. Шу боис кейинги йилларда ушбу санъатни равнақ топтириш, унинг тарғиботини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда.  

Тадбирда ёш мусиқашунос Шаҳбоз Абдуҳошимов ушбу танловнинг тарихи ва у тўғрисидаги маълумотлар хусусида батафсил сўз юритди.  Очилиш маросимининг бадиий қисмида Юнус Ражабий номидаги «Ёш мақом ижрочилари» I республика танлови ғолиби, «Мақом хонандалиги» кафедраси ўқитувчиси Аббосжон Ғаффоров, Ўзбек миллий мақом санъати институти битирувчиси Фурқат Омонкелдиев миллий мусиқамизнинг сара намуналаридан мисоллар ижро этди. 

Мақомчилар танловида 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган хонандалар қатнашмоқда. Мақом ижрочилари танлови тўққиз йўналиш бўйича ўтказилмоқда.  

Н.Усмонова, ЎзА