Маълумки, 28 октябрь замонавий Греция тарихида муҳим сана ҳисобланади. Иккинчи жаҳон уруши пайти айнан шу куни бутун юнон халқи Италия истилосига “Йўқ!” дея жавоб берган ва шу тариқа ушбу сана юнонча “ОҲИ”, яъни “Йўқ” куни сифатида кенг нишонланади.
Тошкент шаҳри юнон маданияти жамиятида бўлиб ўтган ОҲИ кунига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий давлатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси вакиллари, Греция маданий жамияти раҳбарлари ва фаоллари, бошқа миллий маданият марказлардан меҳмонлар иштирок этди.
Маросим аввалида Ўзбекистон ва Греция давлат мадҳиялари янгради. Тошкент шаҳри юнон маданияти жамияти раиси Константинос Политис минглаб греклар мажбурий муҳожирликни танлаган Иккинчи жаҳон уруши даврида қочқинларга кўрсатган ёрдами учун Ўзбекистон халқига чуқур миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистонда яшаган йилларда юнон диаспораси вакиллари ўзларининг иккинчи ватани маданий ва иқтисодий ривожланишига муносиб ҳисса қўшди. Юнонлар мамлакатимиз ижтимоий ва маданий ҳаётида фаол иштирок этмоқда.
“ОҲИ” кунига оид қизиқ бир ҳикоя бор. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Гитлер фашистлар Германиясининг Муссолини бошчилигидаги иттифоқчиси Италияга ишониб топширилган Болқон мамлакатларига ҳужумга тайёрланади. 1940 йил 27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси Италиянинг Грециядаги элчиси мамлакат Бош вазири Иоаннис Метахас кабинетида пайдо бўлади ва унга телеграмма топширади. Муссолини мактубда Греция Италия ҳукумати қўмондонлиги остига олинишини билдирган, шунингдек Болқонга кетаётган қўшинлар мамлакат ҳудудидан ўтишига рухсат бериш талаб қилинганди.
Юнонларнинг жавоби эса қатъий: “ОҲИ!”, яъни (ЙЎҚ!).
Элчихонанинг бу ультиматумини Греция ҳукумати Италия томонидан уруш эълон қилиниши сифатида баҳоланади.
[gallery-14312]
Шу тариқа 28 октябрда Греция Болқон қўшниларини қаҳрамонона соя қилиб, Иккинчи жаҳон урушига қўшилади ва бу кун мамлакат тарихига абадий “ОҲИ куни” сифатида киради.
Юнон халқи беш ойдан кўпроқ вақт давомида ҳарбий кучи кўп марта устун бўлган фашистлар Италияси ҳужумини ушлаб турди. Душманни тўхтатибгина қолмай, балки Aдриатик денгизи томонга қайтаришга ҳам муваффақ бўлди.
Ушбу сана муносабати билан бўлиб ўтган байрам доирасида йиғилганларга катта концерт тақдим этилди. Дастурда юнон халқининг озодлик учун кураши мавзусига бағишланган қўшиқлар, шеърлар янгради. Балет номерлари, юнон халқ рақслари намойиш этилди.
Г.Сатторова,
Муродхон Хўжаев (сурат), ЎзА