Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Мария Кастижо хоним билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг БМТ институтлари, шу жумладан, ЮНИСEФ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, уларни янада фаоллаштириш ва кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.
Жумладан, мамлакатимизнинг ЮНИСEФ билан болалар ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш, сифатли таълимни жорий этиш, соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш каби йўналишлардаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Айниқса, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда имконияти чекланган болалар учун инклюзив лойиҳаларни жорий этиш, бу борада кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини мунтазам ошириб бориш масалалари эътибор марказида бўлди.
Мулоқот сўнггида мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, тўғри овқатлантириш тартибининг жорий этилишига қаратилган ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА