Охирги икки кун ичида “Юнис” номли тўфон туфайли Европа қитъасининг бир қанча давлатларида камида 16 нафар фуқаро ҳалок бўлди.
Бу ҳақда BCC агентлиги хабар берди.
Манбанинг ёзишича, Нидерландия ва Польшада тўрт нафардан, Буюк Британияда уч нафар, Германия ва Бельгияда иккитадан, Ирландияда эса бир нафар фуқаро табиий офат қурбони бўлишган.
Йўл транспорт ҳодисалари содир этилган, натижада кўпчилик жароҳатлангани айтилмоқда. Масалан, Франция шимолида автоҳалокатга учраган одамлар сони 30 тага етган.
Европада сўнгги ўттиз йил ичидаги энг кучли табиий офатлардан бири бўлмиш “Юнис” туфайли миллионлаб уйлар вақтинча электр таъминотидан узилган. Кўплаб ҳудудларда поезд, автобус ва бошқа жамоат транспортлари тўхтаб қолган, офат хавфли ҳудуддаги аэропортларда юзлаб рейсларнинг бекор қилинишига сабаб бўлган.
Маълумот ўрнида, Германия темир йўллари “Deutsche Bahn” минг километрлик йўлнинг электр тармоқлари ва сигналларига зарар етказилганини эълон қилди. Польшада, мамлакат шимоли-ғарбида, кеча яна бир миллионга яқин хонадон электр таъминотисиз қолган.