Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮНИCЕФ билан ҳамкорликда йирик лойиҳалар амалга оширилади
10:33 / 2022-03-01

Соғлиқни сақлаш вазири Б.Мусаев ҳамда ЮНИCЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари М.Мамедзаде томонидан 2022-2025 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати маълум қилди.

 Мазкур ҳужжат мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга доир умумий қиймати 102,5 миллион АҚШ долларлик қўшма чора-тадбирларни ўз ичига олади. У тўрт асосий йўналишдан иборат.

Дастлабки йўналиш юртимизда перинатал хизматлар кўрсатиш сифатини янада яхшилаш билан боғлиқ долзарб вазифаларга қаратилган. Оналик ва болаликни муҳофаза қилишга ихтисослашган тиббиёт ходимларининг билим ва малакасини ошириш, даволаш муассасалаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, кам вазнли чақалоқлар ҳаётини сақлаб қолишдек муҳим чора-тадбирлар шулар жумласидан.

Иккинчи йўналиш миллий календарга киритилган вакциналар билан болаларни эмлаш, мавжуд санитар пунктларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, у орқали мамлакатимизда иммунизация жараёнларини такомиллаштириш каби вазифаларни ўз ичига олади. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасидаги қатор умумтаълим мактабларининг санитария-гигиена ҳолати ҳамда ўқувчиларнинг саломатлиги учун муҳим бўлган сув таъминотини яхшилашга йўналтирилган йирик лойиҳалар амалга оширилади.

Шунингдек, болаларда йод етишмовчилиги, камқонликнинг олдини олиш сингари қатор масалалар ечими ҳам кўзда тутилган. Учинчи йўналиш оналар ва болаларнинг овқатланишини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлардан иборат. Улар орасида 6-23 ойлик болалар ва 35 ёшгача бўлган хотин-қизларни темир ҳамда фоли кислотаси билан таъминлаш, умумтаълим мактабларида овқатланиш стандартларини ишлаб чиқиш каби долзарб вазифалар ҳам бор.

Сўнгги йўналиш ўсмирларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини оширишни назарда тутади. Бунинг доирасида мактаб ўқувчилари саломатлиги билан боғлиқ Миллий стратегия ишлаб чиқиш, шу ёшдаги ўғил-қизларга хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимлари учун ўқув дастурлари тайёрлаш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи платформа яратиш каби лойиҳалар рўёбга чиқарилади.   
 
Умуман, икки томонлама имзоланган “Йўл харитаси” ижроси юртимизда оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, шу йўналишда фаолият юритувчи тиббиёт ходимларининг билим ва тажрибасини янада оширишга хизмат қилади.   

 
М.Қосимова, ЎзА