Олий Мажлис Қонунчилик палатасида ЮНEСКОнинг Ахборот ва коммуникациялар шўбаси мудири Жако Дю Туа ҳамда маслаҳатчиси Мариус Лукошюнас билан учрашув бўлиб ўтди.
Меҳмонларни қуйи палатанинг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси раиси Д.Файзиева ҳамда Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси раиси И.Абдуллаев қабул қилди.

Мазкур ташрифнинг мақсади Тошкент шаҳрида жорий йилнинг 28-29 сентябрь кунларида бўлиб ўтадиган Халқаро ахборотдан умумфойдаланиш кунига бағишланган конференция кун тартибини муҳокама қилишдан иборат.
Учрашув аввалида меҳмонларга 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва унинг доирасида қабул қилинган тадбирлар режасида очиқлик бўйича янги сиёсати изчиллик ва қатъият билан олиб борилаётгани, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш, парламентнинг бу борадаги роли, амалга оширилаётган ишлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

ЮНEСКОнинг Ахборот ва коммуникациялар шўбаси мудири Жако Дю Туа илиқ ва самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, қисқача «Сунъий интеллект, электрон бошқарув ва ахборот эркинлиги: инновациялар, инклюзивлик ва ҳуқуқ» мавзусидаги халқаро конференция ҳақида маълумот берди. Унга кўра, тадбирда шу соҳада фаолият юритаётган дунёнинг турли мамлакатларидан 40 дан ортиқ нуфузли, ўз соҳасининг етук мутахассислари ва экспертлари иштирок этиши режалаштирилган.
Суҳбат давомида Ахборот ва коммуникациялар шўбаси мудири маслаҳатчиси Мариус Лукошюнас конференциянинг асосий икки жиҳати — ахборотдан фойдаланишдаги умумий технологик жиҳати ҳамда мазкур соҳадаги қонунчилик масалаларига тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, ушбу анжуман давлатларда юз бериши мумкин бўлган ахборий инқирозлар ва муаммоларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашиш йўлида Ўзбекистон учун ЮНEСКО ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига урғу берди.
Тадбир доирасида, шунингдек, профессионал журналистика ва ишончли ахборот олиш тизимини яхшилаш, чақириқларга самарали реакция билдириш борасида энг яхши тажриба алмашиш ва илғор технологиялар ҳамда рақамли платформалар қамровини кенгайтириш каби долзарб масалаларнинг муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этди.
Жако Дю Туа кўра, тадбир якунлари бўйича халқаро конференция иштирокчилари томонидан Тошкент декларацияси қабул қилинади. Мазкур декларация аъзо давлатларнинг ахборотдан фойдаланишдаги асосий ҳуқуқини тан олиш ва ҳурмат қилиш мажбуриятини яна бир бор тасдиқлайди. У ўзида тегишли бошқарув тамойиллари ҳамда сунъий интеллект ва янги технологияларнинг ахборотдан фойдаланишида келиб чиқадиган муаммоларни ўз ичига олади.
Шунингдек, декларацияда миллий қонунчиликда ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, амалга ошириш механизми, рақамлаштиришнинг таъсири, инклюзивлик учун ахборотдан фойдаланишнинг ҳуқуқий кафолатларининг аҳамияти, айниқса, ногиронлар ва имконияти чекланганлар гуруҳлари учун сўнгги ўзгаришлар кўриб чиқилади.
Меҳмон мазкур ҳужжатга 2023 йилда расмий мақом берилиб, аъзо давлатлар томонидан Тошкент декларацияси сифатида қабул қилинган расмий ҳужжат сифатида трансформация қилиниши режалаштирилаётганини маълум қилди. Шу муносабат билан, ЮНEСКО делегацияси вакиллари ахборотдан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини белгилашда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг марказий ўрнини инобатга олиб, уларни ушбу тадбир сессияларида фаол иштирок этишини, қабул қилиниши мўлжалланаётган Декларацияга ўз таклифларини тақдим этишларини ҳамда халқаро ҳамжамиятнинг етакчи экспертлари билан учрашувлар ўтказиш каби масалаларни кўриб чиқишни таклиф этди.
Учрашув конструктив руҳда ўтди.
ЎзА