Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮНЕСКО рўйхатига киритилди
17:13 / 2025-12-10

Давлатимиз раҳбарининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифида берилган топшириқлар доирасида қорақалпоқ халқининг асрлар оша етиб келган ноёб маданий меросини асраб-авайлаш, уни янги босқичга олиб чиқиш ҳамда жаҳон миқёсида кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, миллий мусиқа маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланган қўбиз ясаш анъаналари ва жировчилик санъатини замонавий ва илмий-амалий асосларда ривожлантириш, ёш авлод онгига чуқур сингдириш, халқаро миқёсда оммалаштириш масалалари устувор вазифа сифатида белгилаб берилган эди. Ушбу вазифаларни кенг татбиқ этиш мақсадида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева раҳбарлигида тизимли ва амалий ишлар йўлга қўйилди. Хусусан, соҳани ривожлантиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, уни илмий ўрганиш ва халқаро майдонларда муносиб тақдим этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Ҳиндистоннинг Нью-Деҳли шаҳрида ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш Ҳукуматлараро қўмитасининг навбатдаги ХХ сессияси бўлиб ўтмоқда. Жорий йилнинг 8-13 декабрь кунлари бўлиб ўтадиган мазкур сессияда Ўзбекистон Республикасидан тақдим этилган “Қўбиз ва жиров ижрочилик санъати” (миллий) номзоди ЮНЕСКОнинг зудлик билан муҳофазага олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос элементлари рўйхатига киритиш тўғрисидаги қарори бир овоздан қабул қилинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз томонидан барча соҳалар қатори халқимизнинг бой маданий меросларидан бири бўлган бахшичилик ва жировчилик санъатини янада ривожлантириш, унинг миллий маданиятимиз ва санъатимиздаги ўрни ҳамда аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қўбиз ва жиров ижрочилик санъатининг ЮНЕСКО рўйхатига киритилиши унинг тарихий, маънавий ва маданий қадрият сифатидаги ўрнининг халқаро миқёсдаги эътирофи ҳисобланади.

Қўмитанинг қарорида қайд этилганидек, анъанавий эпик достонларни ижро этишда кенг қўлланиладиган қўбиз чолғуси муҳим ижтимоий вазифаларни бажаради. У жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, маданий меросни асраб-авайлашга хизмат қилиши таъкидланган.  

Шунингдек, мазкур қарор жировчилик санъатини илмий тадқиқ этиш, устоз-шогирд анъаналарини асраб-авайлаш, янги ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга кўмаклашади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири