Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮНЕСКО муҳофазасидаги табиий ёдгорликлар сафи ҳам кенгаймоқда
15:07 / 2025-11-04

Муносабат

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳрида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти — ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг ўтказилиши мамлакатимиз учун муҳим тарихий воқеа бўлди. Бу халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистонга бўлган юксак ишонч, мамлакатимизнинг халқаро нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради.

Мазкур халқаро анжуманда давлатимиз раҳбари иштирок этиб, нутқ сўзлади ва бир қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси раҳбари, партия етакчиси Абдушукур Ҳамзаев ўз муносабатини билдирди:

— Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг очилиш маросимида Президентимиз бугунги кундаги энг муҳим масалаларга эътибор қаратиб, шиддат билан ўзгараётган дунёда гуманитар соҳада глобал консенсус ва кўп томонлама ҳамкорлик механизмларининг заифлашаётгани, геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўраётганини алоҳида таъкидлади. Бутун инсониятни қийнаб келаётган бесамар ҳарбий ҳаракатлар туфайли нафақат одамлар, балки борлиқдаги бошқа мавжудотлар, қолаверса, қадимий обидалар ҳам катта талафот остида қолаётгани қайд этилди.

Ташкилот минбаридан айтилган бу фикр жаҳон мамлакатлари учун ўзига хос чорлов бўлди, дейиш мумкин. Чунки бугун дунё бўйлаб кўплаб мамлакатларга жиддий таҳдид солаётган экологик бўҳронлар — иқлим ўзгариши, тупроқ емирилиши, ичимлик суви муаммоси ЮНЕСКО ҳимоясидаги маданий меросга ҳам катта хавф аслида. Қадимий бинолар нураши, геологик демография ўзгаришлари ортидан халқ оғзаки ижодига путур етиши, бир сўз билан айтганда, экологик муаммоларнинг маданий мерос ва қадриятлар сақланиши ва давомийлигига салбий таъсир кўрсатаётгани барчани бирдек ташвишга солади.

Мамлакатимиз ҳудудидаги Ғарбий Тянь-Шань — Буюк ипак йўлининг Зарафшон-Қорақум коридори ва Турон чўллари ҳам ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бу нуфузли ташкилотнинг Умумжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига эса Ўзбекистоннинг иккита объекти киритилган. Булар — Чотқол давлат биосфера резервати (1978) ва Қуйи Амударё давлат биосфера резервати (2021).

Бундан кўриниб турибдики, ЮНЕСКО ҳимоясига олинган маданий мерос объектлари қаторида она табиат яратган “асарлар” сафи тобора кенгаймоқда. Уларнинг орасида мамлакатимиз ноёб табиатига оид муҳим объектлар борлиги ва муҳофазага олинган бундай табиий ёдгорликлар сонини янада кўпайтириш Ўзбекистон Экологик партиясининг мақсадларига тўла ҳамоҳангдир.

Ўзбекистон раҳбари дунё мамлакатларини иқлим инқирозига қарши биргаликда самарали курашишга чақирар экан, бу масаланинг нечоғли долзарб ва муҳим эканига алоҳида урғу берди. Дарҳақиқат, бугун дунёда ўртача ҳароратнинг сезиларли даражада кўтарилиши, музликларнинг эриши, чўлланиш, тупроқ қатламлари емирилиши, урбанизация жараёнлари маданий мерос объектларининг ҳолатига жиддий таъсир ўтказмоқда.

Ўзбекистон бу муаммоларга қарши курашиш мақсадида аллақачон амалий саъй-ҳаракатларни бошлаб юборган. Хусусан, 2030 йилгача узоқ муддатли истиқболда Ўзбекистон Республикаси иқлим ўзгаришига қарши кураш чора ва ҳаракатларни кучайтиришни – 2030 йилга бориб “иссиқхона газлари” солиштирма ташламаларини 2010 йилдаги даражага (ялпи ички маҳсулот бирлигига) нисбатан 10 фоизга қисқартиришни мўлжалламоқда. Давлатимиз раҳбарининг қарори асосида 2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси қабул қилингани ва изчиллик билан амалга оширилаётгани айнан ЮНЕСКО мақсадлари учун ҳам хизмат қилади.

Ушбу саъй-ҳаракатларнинг давоми сифатида давлатимиз раҳбари атроф-муҳитга масъулият билан ёндашаётган, “яшил” дастурларни муваффақиятли татбиқ этаётган шаҳарларни алоҳида эътироф этиш ва рағбатлантириш бўйича “ЮНЕСКОнинг Экологик пойтахти” глобал ташаббусини илгари сурди. Шунингдек, ЮНЕСКО Ижроия Кенгашининг “Глобаллашув ва иқлим ўзгаришлари шароитида маданий меросни асраб-авайлаш бўйича чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисида”ги резолюциясини ишлаб чиқишни таклиф этди. Бу Ўзбекистон барқарор ривожланиш тамойилларида нақадар собитқадамлик билан бораётганини яна бир бор ифода этади.

Бугун бир қарашда инсон омилига мутлақо дахлсиздай кўринадиган иқлим ўзгаришига ўхшаган глобал муаммолар ҳам охир-оқибатда антропоген омиллар таъсирида юзага келаётгани ҳаммамизга яхши аён. Шу жиҳатдан, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси инсониятнинг ҳар бир вакилига келажагимизга теран назар ташлаш ҳамда барқарор истиқболимизни барпо этишда янги вазифаларни белгилаб берди.

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА