Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮНЕСКО Бош конференция Самарқандда ўтказилиши Ўзбекистоннинг жаҳон тараққиётига қўшган ҳиссаси эътирофидир
17:03 / 2025-11-03

XXI асрда маданий дипломатия халқаро муносабатларнинг муҳим воситасига айланди. Маданият орқали мулоқот давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш ва инсонпарвар қадриятларни илгари суришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО билан ҳамкорлиги сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилиб, мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузи кучаймоқда. ЮНЕСКО Бош конференцияси илк бор Париждан ташқарида, Самарқандда ўтказилиши ҳам ушбу жараённинг муҳим қисмидирМазкур глобал муҳим тадбир учун айнан Ўзбекистон танланиши бир неча муҳим омиллар билан боғлиқ, деб ўйлаймиз.

Биринчидан, Ўзбекистон – инсоният цивилизацияси бешикларидан бири.

Нафақат Марказий Осиё, балки жаҳон маданияти тарихида муҳим ўрин эгаллаган Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз ЮНЕСКОнинг Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган. Бу шаҳарлар инсониятнинг илмий, меъморий ва маънавий тараққиётида беқиёс из қолдирган. Шундай меросга эга давлатда анжуман ўтказиш ташкилотнинг маданият ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотга юксак эҳтироми ифодасидир.

Иккинчидан, Ўзбекистон – маданият ва динлар мулоқоти майдони сифатида тан олинган.

Шарқ ва Ғарбни боғловчи геостратегик ҳудудда жойлашган мамлакатимиз турли халқлар, тил ва динлар алмашинуви учун ўзига хос кўприк вазифасини бажаради. ЮНЕСКОнинг “маданиятлараро мулоқот ва бағрикенглик” концепцияси айни йўналишда республикамиз тажрибасига ҳамоҳанг.

Учинчидан, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузи йил кўтарилмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатда таълим, фан, маданият ва ахборот соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат раҳбариятининг илм-фан ва таълим соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибори, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган дастурлар ЮНЕСКО мақсадлари билан уйғун. Шу боис ташкилот юртимизни ишончли ҳамкор сифатида кўради.

Тўртинчидан, ЮНЕСКО ва Ўзбекистон муносабатлари янги босқичга кўтарилган.

Диёримиздаги қатор маданий объектларни ЮНЕСКО ўз муҳофазаси остига олган. Шунингдек, миллий меросни асраш, таълим тизимини ривожлантириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш каби долзарб йўналишларда қатор қўшма дастурлар амалга оширилмоқда. Бундай мустаҳкам ҳамкорлик тузилманинг мамлакатга нисбатан ишончини янада оширди.

Бешинчидан, Марказий Осиё минтақасининг халқаро аҳамияти ортиб боряпти.

ЮНЕСКО минтақамизда илк бор Бош конференция ўтказиш тўғрисида қарор чиқариши нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёнинг глобал маданий ва илмий жараёндаги ролига берилган юксак баҳодир. Анжуман мамлакатлар ўртасидаги интеграция ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлатимизда ЮНЕСКОнинг тегишли мақсадларига мувофиқ қатор ишлар амалга оширилмоқда. Маълумки, барча учун сифатли таълимни таъминлаш умумий мақсаднинг асосий йўналишларидан бири саналади. Ўзбекистон бу борада қатор миллий ислоҳотларни халқаро дастурлар билан уйғунлаштирган ҳолда иш олиб боряпти. Таълим тизимини рақамлаштириш, қизлар таълимига эътиборни кучайтириш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ЮНЕСКОнинг “Таълим-2030” концепциясига мос.

Бундан ташқари мамлакат илмий салоҳиятни ошириш ва барқарор ривожланишга қаратилган ЮНЕСКО кафедраларини очиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари (SDGs)га эришишда тузилма билан бирга кўплаб лойиҳаларни йўлга қўйган. Табиатни муҳофаза қилиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, иқлим ўзгаришига қарши кураш, экотуризмни ривожлантириш йўналишларидаги дастурлар фикримизни тасдиқлайди.

Бугунги кунда мамлакатда аёллар ва қизлар имконияти, уларнинг таълим ва фан соҳасидаги иштироки кенгайтирилмоқда. Бу ЮНЕСКО фаолиятининг гендер тенгликка оид устувор йўналиши билан ҳамоҳанг.

Республикамиз бу борада нафақат миллий, балки халқаро гуманитар мулоқотни ҳам мустаҳкамламоқда. Хусусан, турли маданият ва дин вакиллари ўртасида бағрикенглик, тинчлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш ташаббусларини илгари сурмоқда. Шу маънода Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида ўтказилаётган халқаро конференция ва форумлар Ўзбекистоннинг “маданиятлараро мулоқот маркази” сифатидаги нуфузини оширишга хизмат қиляпти.

ЮНЕСКО билан ҳамкорлик доирасида мамлакатимиз маданий дипломатияни ташқи сиёсатнинг муҳим йўналишига айлантирган. Маданият ва таълим соҳаларидаги лойиҳалар орқали тарихий меросимиз, тилимиз, анъаналаримиз жаҳонга танилиб, халқаро ҳамжамиятнинг гуманитар бирдамлигини кучайтиришга ҳисса қўшмоқда.

Ўзбекистоннинг тузилмадаги фаолиятини самарали ва стратегик жиҳатдан муҳим, деб баҳолаш мумкин. Зеро, мамлакатимиз айни жараёнда нафақат миллий манфаатни илгари сурмоқда, балки бутун инсоният учун долзарблик касб этаётган таълим, фан, маданият, гендер тенглик ва барқарор ривожланиш соҳаларида ЮНЕСКОнинг устувор мақсадларига эришиш йўлида собит қадам ташламоқда.

Бу борада давлат раҳбарининг муҳим ташаббусларини қайд этиш жоиз. Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ташаббуслари ЮНЕСКО билан шерикликни янги босқичга олиб чиқиш, жаҳон маданий меросини асраш, таълим ва илм-фан соҳасида глобал мақсадларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу жараён миллий ва халқаро миқёсдаги қатор стратегик йўналишларни қамраб олади.

Маданий меросни муҳофаза қилиш ва тиклаш

Президентимиз раҳбарлигида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича давлат сиёсати ЮНЕСКОнинг “Умумжаҳон маданий ва табиий меросни муҳофаза қилиш тўғрисидаги конвенцияси” (1972 й.) талаблари билан уйғунлаштирилди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз шаҳарларидаги ёдгорликлар ҳолатини яхшилаш, уларни қайта тиклаш ва туризм инфратузилмасини барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастурлар амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида маданий меросимиз объектлари ЮНЕСКО Жаҳон мероси рўйхатидан муносиб ўрин эгаллади.

Илмий-тадқиқот ва маданий мулоқотни ривожлантириш

Мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан 2021 йил “Ўзбекистон маданий мероси” лойиҳаси доирасида рақамли архив ва виртуал музей тизими яратилди. Бу лойиҳаси маданий меросни ҳужжатлаштириш, онлайн тарзда сақлаш ва халқаро илмий ҳамжамият учун очиқ маълумот муҳитини яратишга хизмат қилмоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиё цивилизациялари маркази Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ҳамкорлигининг илмий-институционал кўринишидир. Ушбу муассасанинг асосий вазифаси минтақамиз халқларининг тарихий, маданий ва цивилизацион меросини тадқиқ этиш, жаҳон илмий жамоатчилигига етказиш ҳамда минтақавий ҳамкорликни кучайтиришдан иборат. Айни йўналишдаги ишлар ЮНЕСКОнинг “Маданий мулоқот ва цивилизациялараро ҳамжиҳатлик” тамойилига тўлиқ мос келади.

Таълим ва илм-фан соҳасидаги ҳамкорлик

Президент Шавкат Мирзиёев таълимни миллий тараққиётнинг устувор йўналиши сифатида белгилаган. ЮНЕСКО билан ҳамкорлик доирасида таълим сифати, гендер тенглик, рақамли таълим технологиялари ва иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу ташаббуслар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари, хусусан 4-Мақсад – “Сифатли таълим”) билан уйғун бўлиб, республикамизнинг глобал таълим майдонидаги фаоллигини кучайтиради.

Инсонпарварлик ва бағрикенглик ғояларини илгари суриш

Ўзбекистон раҳбарининг тинчликпарвар сиёсатида ЮНЕСКОнинг “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси”да белгиланган “Инсонпарварлик, бағрикенглик ва маданий хилма-хиллик” концепцияси муҳим ўрин тутади. Ўлкамиз ҳудудида динлараро мулоқот, миллатлараро тотувлик ва маънавий бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича илмий-амалий форумлар ташкил этилмоқда. Мазкур жараён мамлакатни халқаро гуманитар ҳамкорликнинг муҳим иштирокчиси сифатида намоён этмоқда.

Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференцияси ўтказилиши давлатимизнинг маданий-маърифий тараққиёт ва жаҳон цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасининг юксак эътирофдир. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданий меросни асраш, таълим ва фанни ривожлантириш, бағрикенглик ва инсонпарварлик ғояларини илгари суриш борасидаги ташаббуслари нафақат миллий даражада, балки глобал гуманитар сиёсатнинг ажралмас қисмига айланди.

ЮНЕСКО билан самарали ҳамкорлик натижасида Ўзбекистон бугун жаҳон миқёсида маданиятлар мулоқоти ва цивилизациялараро ҳамжиҳатлик марказларидан бири сифатида тан олинмоқда.

Маҳиннора Мирҳамидова,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети

“Халқаро ҳуқуқ” факультети доценти