Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
ЮНEСКО билан ҳамкорлик муҳокама қилинди
11:01 / 2022-09-22

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Владимир Норов БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессияси доирасида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНEСКО) Бош директори Одри Азуле билан учрашув ўтказди.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва алоқани ривожлантириш истиқболи батафсил муҳокама қилинди.

Режалаштирилган анжуманлар жадвали, тадбирларнинг ташкилий жиҳати бўйича фикр алмашилди.

Одри Азуле ЮНEСКО Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар сиёсатини қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, халқаро ташаббусларни амалга оширишда республикага ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. У Ўзбекистон томонини ЮНEСКОнинг нуфузли бошқарув органларидан бири бўлган Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитага аъзо бўлгани билан табриклади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2021 йили Жаҳон маданий мероси масаласи бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси ташкил этилгани муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибига доир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди. ЮНEСКО томони 2021 йил Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган "Хива жараёни: Марказий Осиё минтақасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш" резолюциясини илгари суриш доирасида фаол ишлашга тайёрлигини маълум қилди.
 

ЎзА