Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юлдузхон бахтини даладан топди
13:42 / 2025-08-19

Қишлоқ — барқарор тараққиётнинг таянчи, озиқ-овқат хавфсизлигининг асосий манбаи. Бугун юртимизда юзлаб илғор фермерлар, садоқатли меҳнаткаш деҳқонлар юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Улар орасида Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги “Юлдуз Абдуғаффоровна” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбари Юлдуз Бобоқулова алоҳида ўрин тутади.

Ёши бўлишига қарамай, тажрибаси бой, билим ва амалий кўникмаларни уйғунлаштира олган бу аёл деҳқончилик сирларини пухта ўзлаштирган. У ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, замонавий инновация ва технологияларни татбиқ этиш орқали юксак самарага эришмоқда.

Юлдуз Бобоқулова фермерлик билан шуғуллана бошлаганига бу йил 10 йил тўлди. У хўжалик 78 гектар ер майдонида фаолият юритиб, даланинг 50 гектарида ғалла, 20 гектарида пахта, 8 гектарида сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштиради.  

Самарали меҳнат муносиб баҳоланди. 2023 йилда «Илғор фермер» кўкрак нишони билан тақдирланган Юлдуз Бобоқулова куни кеча Давлатимиз раҳбарининг  "Тадбиркорлар куни муносабати билан соҳа вакилларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги  Фармонига мувофиқ «Шуҳрат» медалига сазовор бўлди.

–  Давлатимиз раҳбари томонидан берилган бу мукофот мен учун икки карра масъулиятдир, –  дейди Юлдузхон. –  Мақсадим  —  ҳозиргидан ҳам юқори натижаларга эришиш, қишлоқ хўжалиги соҳасига илғор инновацияларни жорий этиш ва халқимизни арзон, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга муносиб ҳисса қўшиш.

Хўжаликда 30 нафар ишчи-ходим меҳнат қилади. 2022–2024 йилларда улар 42–45 центнердан пахта, 55–80 центнердан ғалла ҳосили етиштиришга эришди. Бу давр мобайнида 295 тоннадан зиёд пахта хомашёси ва 922,5 тонна буғдой тайёрланиб, шартнома мажбуриятлари пахтачиликда 118–125 фоизга, ғаллачиликда 125–130 фоизга бажарилди. Пиллачиликда ҳам юқори самарадорлик қайд этилди.

Шу билан бирга, 8 гектар майдонда сабзавот ва полиз маҳсулотлари етиштирилмоқда. Сўнгги уч йилда 270 тонна помидор, 440 тонна тарвуз, 120 тонна пиёз, 75 тонна картошка ва 350 тонна карам ҳосили олинди. Белгиланган режалар 110–115 фоизга бажарилди.

Даромад ҳисобидан хўжаликнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланди. Янги қишлоқ хўжалиги техникалари харид қилиниб, машина-трактор парки ташкил этилди, ишчи-ходимлар учун замонавий дала уйи барпо этилди. Шунингдек, маҳсулотларни узоқ муддат сақлаш ва бозорга сифатли етказиш мақсадида 300 тонналик музлаткичли омборхона ишга туширилди.

Ю.Бобоқулова сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. 2023 йилда хўжалик ҳисобидан 37 гектар ерга сув насослари ўрнатилди, 512 метр ички ариқ бетонлаштирилди. Шу билан бирга, Туркиядан томчилатиб суғориш технологияси олиб келиниб, амалиётга жорий этилди. Бу эса сув сарфини 30 фоизга тежаш ва ҳосилдорликни 7–10 центнерга ошириш имконини берди.

–  Ёзни ёз, қишни қиш демай ҳаракат қилган, оила билан ишни тўғри ташкил этган раҳбаргина кутилган натижага эришади, –  дейди фермер. –  Бундай муваффақиятларда турмуш ўртоғимнинг ҳам қўллаб-қувватлови катта.

Юлдухон 2023 йилдан буён туманнинг Уч Қаҳрамон ҳудудидаги фермерларни жамоатчилик асосида бошқариб келмоқда. Шунингдек, у ҳомийлик ишларида ҳам фаол: сўнгги уч йилда 45 миллион сўмдан зиёд маблағ кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудни ободонлаштириш ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш ишларига йўналтирди.

У туман Фермерлар кенгаши аъзоси сифатида кўп тармоқли хўжаликларни ривожлантиришда ташаббускорлик кўрсатмоқда. Маҳалла йиғинлари ва давра суҳбатларида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларнинг моҳиятини ўз ҳаёти мисолида фахр билан сўзлаб бермоқда.

Оддий қишлоқ аёли сифатида ҳаёт йўлини бошлаган Юлдузхон Бобоқулова бугун тумандаги энг илғор фермерлардан бири сифатида танилган. Унинг меҳнатсеварлиги, ташкилотчилик қобилияти ва юртпарварлик фазилатлари туфайли туман аҳолиси, қишлоқ хўжалиги жамоатчилиги орасида катта ҳурматга сазовор бўлди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири