Ўзбек халқининг севимли ва маҳоратли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Пиримқул Қодиров Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид уммондай чексиз мавзуларни, тарихий ҳақиқатларни бадиий асарларга муҳрлаган миллий адабиётимизнинг ёрқин намояндасидир. Унинг тарихий асарлари ўша давр муҳитини, тарихий шахслар қиёфасини китобхон кўз олдида ёрқин гавдалантиради, қаламга олинган давр билан хаёлан ёнма-ён яшашга чорлайди.
Адибнинг машҳур “Юлдузли тунлар” романида Темурийлар сулоласининг инқирози, ҳокимиятга эришиш илинжида тахт талашиб, бир-бирларига қилич кўтарган оға-ини, тоға-жиянларнинг фожиавий қисмати акс эттирилган. 12 ёшида тахтга ўтирган Бобурнинг қисмати, тақдирнинг аянчли зарбаларига қарши жасоратию маҳорати ўз ифодасини топган.
Яқинда “Юлдузли тунлар” романи япон тилига таржима қилиниб, нашр этилди. Мазкур тарихий асар таржимон Хисако Ямагучи томонидан япон халқига ўз тилларида тақдим этилди. Романнинг Ўзбекистон ва Япония ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганлигининг 30 йиллик юбилейи доирасида ҳамда Ўзбек тили байрами куни арафасида нашр этилгани алоҳида аҳамиятга ва мазмунга эгадир.
Қадимдан Буюк ипак йўли орқали боғланган икки мамлакат халқларининг тарихий алоқалари ҳамда маънавий қадриятлари муштаракдир. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан маданий-гуманитар алоқалар янада изчил ривожланиб бораётир. “Юлдузли тунлар” романи ушбу йўналишдаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, япон халқининг юртимиз маданияти ва тарихи ҳақидаги тасаввурларини янада бойитишга хизмат қилади.
М.Комилова,
ЎзА