Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
"Юлдузли маржонлар" яратган шоир
10:11 / 2023-05-09

Камтарин шоир ва журналист Темур Убайдулло оламдан ўтди. Ҳолбуки, унинг шеърлари, достонлари, эсселари, китоблари элимиз назарига тушганди. Шеърлари рус тилига ўгирилиб, бир қанча русча китоблари ҳам чиққанди.

Газеталарда чиққан долзарб мавзулардаги мақолалари қизиқиш билан ўқиларди ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” фахрий унвонига сазовор бўлганди. Лекин у ҳеч қачон ижодига айтилган мақтовлардан, берилган мукофотлардан ҳаволаниб кетмасди, аксинча камтарлиги камол топарди.   

У Келес шаҳрига яқин қишлоқда дунёга келди. Болалигидан суяги меҳнатда қотди, отасининг ёнига кириб, боғдорчилик ишларига қарашди. Ўқувчилик йилларидаёқ қалбида шеъриятга иштиёқ уйғонди. Таниқли шоир Хайриддин Салоҳ тўгарагига қатнаб, шеър ёзиш сирларини ўрганди (кейинчалик у устози хотирасига бағишланган “Нафис шеър соҳиби” китоби чиқишига бош-қош бўлди). Шеър ва мақолалари матбуот саҳифаларида эълон қилинди. Мактабни тугатгач, Тошкент Давлат университети(ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетида таҳсил олди. Журналистик фаолиятини нуфузли ўқувчилар газетасида бошлади. Ижодий тажрибаси ошгач, журнал, нашриёт, газеталарда муҳаррир, бўлим мудири лавозимларида ишлади. Лекин Темур Убайдуллаевнинг “Тошкент оқшоми” газетасига ишга келиши унинг журналистик камолотига қанот берганди. Айниқса, “Бир асар тарихи” рукни остида берилган мақолалари, тўғрироқ айтганда, тадқиқотлари барчанинг эътиборини қозонди. Кейинчалик шу рукн остида чиққан мақолаларини тўплаб, “Юлдузли маржонлар” номи билан китоб ҳолида чоп эттирди. Бу китоб қўлма-қўл ўқилди. Тажрибали журналистни “Нуроний” газетасига бош муҳаррир лавозимига таклиф этишди. Айнан шу газетада унинг раҳбарлик ва ташкилотчилик қобилиятлари ҳам намоён бўлди.  

Эсимда, “Менинг Доғистоним”нинг биринчи ва иккинчи китоблари яхлит ҳолда нашрдан чиққан кезлар. Бирор ҳафталар ўтгач, Темур ака билан учрашиб қолдик (кўпинча “Нуроний” газетаси таҳририяти ёнидан ўтардим). У асар таржимаси бўйича суҳбат қуриш таклифини айтдилар. Аввалига ишонмадим. Катта ва тажрибали журналистнинг ўзидан ёш ижодкор билан суҳбат қуришига ишониш қийинда. Бир неча кундан кейин учрашганимизда Темур ака тахминий саволлар ёзилган варақни қўлимга тутқазди ва жавоб ёзишимни сўрадилар. Мен жавоб ёзишга киришдим. Савол-жавоблар ёзилган варақларни Темур ака ҳузурига олиб бордим. У жавобларни диққат билан ўқиб чиқдилар, қўшимча саволлар бериб, ёзганларимни таҳрир қилдилар. Яна бир неча савол бериб, жавобларимга қоғозга ёзиб қўйдилар. Кейин “Менинг Доғистоним” асари ҳақида ёзганларини ўқиш учун узатдилар. Ёш бўлганим учун суҳбатнинг қоралама матнини тайёрлашни зиммамга олдим. Темур ака суҳбат матнини узоқ ўқидилар, савол бериб тузатишлар киритдилар, кўп гапларни қайта ёздилар. Кейин матнни компьютер терувчисига бериб, тузатишларни киритишни айтдилар. Суҳбат тайёр бўлди, ҳажми катта бўлгани учун “Суҳбатдош” газетасига бердик. Бу суҳбат нашр этилганда, иккимиз ҳам хурсанд бўлдик. Чунки у “Менинг Доғистоним” асарига ва унинг таржимасига матбуотимизда билдирилган биринчи нурли муносабат эди.  

Кейинчалик у “Нуроний” газетасида Расул оғанинг “Оналарни асранг” достонидан қилган таржимамдан катта парча бердилар. Бу билан қаноатланмасдан достон ҳақида мақола ёзиб беришимни сўради ва унга ҳам газета саҳифасидан жой ажратди. Бу гапларни Темур ака Расул оға ижодини эъзозлашини таъкидлаш учун ёзяпман. Барибир, “Расул Ҳамзатовнинг умр китоби” суҳбати ҳамон юрагим тўрида.  

Шу суҳбат ҳақида ўйлар эканман, ўз-ўзимга савол бераман: “Темур акага ҳаёт вафо қилганида ҳозир қандай мақола ёзган бўлардилар?» Имоним комил, у Расул Ҳамзатов таваллудининг 100 йиллигига бағишлаб, ўзи эъзозлаган шоир ижоди ҳақида ажойиб мақола ёзардилар. Афсус, у шундай мақола ёзишни Расул оғанинг биз каби мухлисларига мерос қолдирди.

Асрор Мўмин