ФОТОРЕПОРТАЖ
ЎзА сайтидаги “Зулфияхоним издошлари” лойиҳаси Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларининг бугунги фаолияти, уларнинг касбий ютуқлари ва жамият ҳаётидаги ўрнини кенг ёритишга қаратилган. Ана шундай иқтидор эгаларидан бири — Юлдуз Файзий 2008 йил “Адабиёт” йўналиши бўйича мазкур мукофотга сазовор бўлган.
Юлдуз Файзий 1990 йил Тошкент шаҳрида зиёли оилада туғилган. Илк таълимни Учтепа туманидаги 295-мактабда олган. Кейинчалик Алишер Навоий номидаги Республика нафис санъат мактаб-интернатида таҳсил олиб, ижодий муҳитда камол топган.
Мактаб йилларидаёқ у Ўткир Ҳошимов раҳбарлигидаги “Ёш ижодкорлар” тўгарагида иштирок этиб, адабиётга бўлган қизиқишини мустаҳкамлади. 2007 йил “Чўлпон” нашриётида “Кўнглим” номли илк шеърий тўплами чоп этилди. Шу йилнинг ўзида “Келажак овози” республика ёшлар танловида ғолиб бўлиб, кенг жамоатчилик эътиборини қозонди.
[gallery-27897]
Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлиши унинг ижодий фаолиятида муҳим босқич бўлди. Мазкур эътироф ижодкор зиммасига катта масъулият юклади.
У Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Халқаро журналистика факультетида бакалавр ва магистратура босқичларини тамомлади. Кейинчалик Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимидаги “Маданият ва маърифат” телеканалида фаолият юритиб, катта муҳаррир сифатида ишлади. У тайёрлаган “Бир асар тарихи” лойиҳаси юқори баҳоланиб, МТРК совринига муносиб кўрилди.
Ҳозирги кунда у Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети таянч докторанти сифатида илмий изланишлар олиб бормоқда. Шу билан бирга, MY5 телеканалида “Изларим...” кўрсатуви муаллифи ва бошловчиси сифатида фаолият юритмоқда. Кўрсатувда миллат маънавияти, адабиёт ва хотира мавзулари ёритилмоқда.
Юлдуз Файзийнинг “Мен кутган баҳор” номли иккинчи шеърий тўплами ҳам китобхонлар томонидан илиқ кутиб олинган. Шунингдек, отаси, шоир Равшан Файз ижоди жамланган “Юракнинг поёнсиз адирларида” тўпламини нашрга тайёрлаган.
У “Йилнинг энг фаол журналисти” танлови ғолиби, шунингдек, “Олтин қалам” XVI Миллий мукофотининг телевидение йўналишида биринчи ўрин соҳибаси ҳисобланади.
Юлдуз Файзий фаолиятида ижод, журналистика ва илмий изланишлар уйғунлашган. У “Зулфияхоним издошлари” лойиҳасининг муносиб қаҳрамонларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Камола Юсупова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА