Умида Ҳусаинова: Энди университетга ҳар сафар қадам қўйганимда, улуғ устозлар – дунё тан олган олимлар қаторида ўз миллатим фахри, Президентим ҳам борлигини ҳис қиламан!
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг ўзаро ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятларга эга Японияга расмий ташрифи юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи ҳамда сиёсий, иқтисодий ва бошқа масалалар юзасидан бир қатор учрашувлар режалаштирилгани, булар орасида мен таҳсил олаётган Нагоя университетига ҳам ташриф кутилаётганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Табиийки, барча ватандошларимиз каби биз талабалар учун ўз Президентимиз билан кўришиш, суҳбатида бўлиш ўзгача ҳаяжон бағишлади.
Умуман олганда, давлатимиз раҳбарининг ўзаро ўхшаш миллий ва ахлоқий қадриятларга эга Японияга расмий ташрифи юртимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.
Нагоя университетида Президентимиз билан учрашиш бахтига муяссар бўлиш хаёлимга ҳам келмаганди. Учрашув олдидан Президентни кутиб турар эканмиз, барчамизни кучли ҳаяжон чулғаб олган эди. Ахир, Президентнинг хориждаги талабаларга эътибори, ғамхўрлиги ва самимий муносабат билдириши фахр туйғусини янада кучайтиради, ғурурлантиради.
Бу туйғуни, айниқса, ўз ватанидан узоқда, ота-онасини соғиниб, яқинларидан йироқда илм излаб юрган ёшларимиз ўзларига билдирилган рағбатнинг қудратини жуда яхши билишади. Юртдан узоқларда таҳсил олаётган билим даргоҳингга юртбошинг келиб, талабалар билан учрашса, қўллаб-қувватласа, янада олдинга интилишга ундаса, бундай фахр туйғусини унутиб бўладими?! Ҳеч качон унутиб бўлмайди!
Нагоя университетида кўплаб давлатлар вакиллари таҳсил олади. Улар орасида дўстларим кўп. Муҳтарам Президентимизнинг университетимизга келиб, юртимиз ёшлари билан учрашгани дўстларимнинг ҳавасини келтирди. Чунки Нагоя университетида бир неча йил давомида ҳуқуқ соҳасида магистратура ва докторантурада ўқиган давримда бирор-бир хорижий давлат раҳбарининг университетга келиб, ўз фуқароларига гўёки фарзанди каби эътибор қаратганини, ёшларни қўллаб-қувватлаганини кўрмаганман.
Айниқса, давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида илмий-академик алмашувлар ва технологиялар трансфери бўйича Ўзбек-Япон қўшма фондини ташкил этишни таклиф этгани барчамизга чексиз қувонч ва юксак ишонч берди. Энди илмий тадқиқотларни, мен каби ёш олимларнинг илмий изланишларини амалга оширишда жуда кенг имкониятлар очилди. Алломалар нур – Шарқдан, дейишган, Президентимиз Японияга ташрифида мазкур фондни ташкил этиб, юртимиз ривожига ҳисса қўшиш мақсадида илм-фаннинг ҳар жабҳасида изланиб юрган олимларнинг илм йўлини мунаввар нур билан ёритиб бердилар!
Президентимиз мазкур фондни ташкил этишдан мақсад “ёшларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам бўлса, дўстлик ва ҳамкорлигимиз албатта самарали ва бардавом бўлади”, деганларида “замонавий тараққиётнинг калити айнан илм-фан ва таълимда эканини чуқур англаб, инсон капиталига инвестиция киритишни давлат сиёсати даражасига кўтарган” бу Инсоннинг нақадар илм-фан фидоийси, узоқни кўра оладиган донишманд инсон эканига учрашув залида ўтирганлар ҳам яна бир бор амин бўлди.
Нагоя университети тарихида муҳтарам Мирзиёев Шавкат Миромонович Нагоя университетига ташриф буюрган биринчи Президент экани, дунё президентлари ичида илк бор бизнинг юртбошимизга Нагоя университетининг фахрий доктори унвони тақдим этилгани ҳар биримизнинг қалбимизда чексиз ифтихор туйғусини уйғотди.
Дунё илм-фанига олти нафар физика ва кимё бўйича Нобель мукофоти совриндорларини етказиб берган Нагоя университетининг илмий дарғалари қаторига Ўзбекистон Республикаси Президенти - муҳтарам Мирзиёев Шавкат Миромонович ҳам қўшилди, бу юртимизда илм-фанга бўлган эътиборнинг ёрқин натижасидир.
Ўрни келганда, Нагоя университетидаги, жумладан, Тошкентга бориб биз ўзбек ёшларига қарийб 20 йилдан буён сидқидилдан сабоқ берган устозларимга ҳам миллатимизга бўлган ишонч учун миннатдорчилик билдираман. Японияда устоз ҳақида гап кетганда “Сенсеи” сўзи қўшиб айтилади ва улар жуда ҳам катта ҳурматга сазовор инсонлар ҳисобланади. Япон устозлари ўз шогирдлари билан шунчалик қунт билан ишлашадики, буни сўз билан таърифлаш қийин. Тошкент давлат юридик университетида ташкил этилган Япон ҳуқуқини тадқиқ қилиш маркази битирувчиларининг барчаси ушбу фикримга тўлиқ қўшилади, деб ўйлайман.
Муҳтарам Президентимизнинг Нагояга ташрифига тайёргарлик кўришда Нагоя университетидаги кўплаб устозларим ва масъул ходимлар, Нагоя университетини тамомлаб, ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга бевосита ҳисса қўшиб келаётган битирувчилар, шунингдек, айни пайтда Нагояда яшаётган ўзбек ёшлари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Зеро, уларнинг ушбу жараёндаги самимий меҳнати ҳам Президентимиз ташрифининг қувноқ ва ажойиб ўтишига хизмат қилди.
Япония ривожини ахборот технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Деярли ҳар бир жараён компьютерлашган. Шу сабабли муҳтарам Президентимиз томонидан Нагояда таҳсил олаётган ҳар бир ўзбек талабасига энг охирги русумдаги ноутбук совға қилингани жуда катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Улар сафида мен ҳам борлигимдан ғурурландим. Бу совға бизни янада тезроқ ва кўпроқ билим олишимизга имконият яратади. Ўйлайманки, ҳар бир талаба ушбу ноутбукдан фойдаланган ҳолда эришган илм ва тажрибаларини юртимиз равнақига, Юртбошимизнинг ишончини оқлашга йўналтиради.
Президентимизнинг Японияга ташрифи давомида Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорликка оид жуда кўплаб келишувлар имзоланди. Буларнинг барчаси ҳақида ҳали кўп ёзилади. Мен муҳтарам Президентимнинг севимли университетимга ташрифидан олган таасcуротларимни баён этиш билан чекландим, холос.
Энди университетга ҳар сафар қадам қўйганимда, улуғ устозлар – дунё тан олган олимлар қаторида ўз миллатим фахри, Президентим ҳам борлигини ҳис қиламан. Бу жуда қувончлидир, зеро, бундай гўзал дамлар ҳар бир ёш олимни янада кучлироқ изланишга, янада тиришқоқ бўлишга, миллий тараққиётимизнинг янги Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшишга ундаши, шубҳасиздир!
Умида Ҳусаинова,
Нагоя университети докторанти