Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксалишлар, айни пайтда пасайишлар ҳам бор
15:56 / 2025-08-27

Жорий йилнинг январь–июль ойларида Сирдарё вилоятида 14,5 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, прогноз кўрсаткичи 107,1 фоизга бажарилди. Бу кўрсаткич ҳудуднинг иқтисодий имкониятлари ортиб бораётганидан далолат беради.

Ҳисобот даврида саноат йўналишида 141 та янги корхона иш бошлади ва вилоятдаги умумий корхоналар сони 1 минг 171 тага етди. Бу эса  ўз навбатида минглаб янги иш ўринлари яратилиши ва аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилмоқда.

Шу билан бирга таҳлиллар айрим йирик корхоналарда ишлаб чиқариш ҳажми қисқарганини кўрсатди. Хусусан, Сирдарё, Боёвут, Сайхунобод, Гулистон ва Ховос туманларидаги 8 та йирик корхонада жами 235 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқаришда пасайиш қайд этилди. Бу эса маҳаллий иқтисодиёт ва солиқ тушумларига салбий таъсир кўрсатиши табиий.

Вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов бу ҳолат юзасидан ўтказилган муҳокамада қуйидагиларни таъкидлади:

–   Саноат – иқтисодиётимизнинг юраги. Биргина йирик корхонанинг тўхташи ёки иш ҳажмининг қисқариши бутун тармоқ ва маҳаллий иқтисодиётга таъсир қилади. Шунинг учун корхоналарнинг муаммоларини номига эмас, балки аниқ ечимлар орқали ҳал қилишимиз шарт.

Таҳлилларда айниқса “Sirdarya Ceramic Production” ва “Boyovut Cotton Textile” корхоналари мисол тариқасида келтирилди. Биринчисида хомашё таъминотидаги узилишлар сабаб ишлаб чиқариш кескин пасайган. Масала ҳал этилса, йилига камида 200 та янги иш ўрни яратилиши ва маҳаллий бозорда импорт ўрнини босувчи маҳсулот кўпайиши мумкин.

“Boyovut Cotton Textile”да эса логистика ва валюталаштиришдаги муаммолар ишлаб чиқариш ҳажмини пасайтирган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу тўсиқлар бартараф этилса, корхона йилига 50 миллион АҚШ долларига тенг экспорт салоҳиятига эга бўлиши мумкин.

Муҳокамаларда ҳукумат томонидан тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳам тилга олинди. Жумладан, кредит ва имтиёзлар, хомашё масалаларида кенг имкониятлар, ички ва ташқи бозорларга чиқиш йўллари белгилаб берилган. Энди асосий вазифа – ишлаб чиқариш ҳажмини қисқартираётган корхоналарда аниқ муаммоларни ҳал этиш, тўхтаб қолганларини қайта ишга тушириш ва янги қиймат занжирларини шакллантиришдан иборат.

–   Фаолиятсиз турган ҳар бир корхона — йўқотилган иш ўрни, йўқотилган солиқ, энг асосийси — йўқотилган иқтисодий имкониятдир. Шунинг учун асосий вазифамиз — ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги қиймат яратиш, – деди Эркинжон Турдимов.

Ғулом Примов,

Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат, видео) ЎзА мухбирлар