Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксалиш йўлида илдамлаётган корхона
17:29 / 2024-09-17

Мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалишида Навоий кон-металлургия комбинатининг бошқа бўлинмалари қатори Шимолий кон бошқармаси ҳам алоҳида ўринга эга. Ишчи-ходимлар ўз тажриба, билим ва касбий маҳоратини инвестиция дастурларини амалга оширган ҳолда маъданларни қазиб олиш ва уни қайта ишлаш ҳажмини оширишга йўналтирмоқда. Бу ҳақда бошқарма директори Наим Амонов мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди.

– Жорий йил бошидан буён бошқармамиз томонидан ялпи маҳсулот ишлаб чиқариш 4 триллион 69 миллиард сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 119,4 фоиз ўсиш суръатини таъминлаш баробарида корхонанинг 4,1 миллиард сўм фойда билан чиқишини таъминлади. Бошқармамизда 7 ойда 15,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Корхонамизда 82 банддан иборат 155,3 миллиард сўм миқдорида маҳсулот таннархини пасайтириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, амалда ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, электр энергияси, дизел ёқилғисининг рационаллаштирилиши ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг оширилиши ҳисобига 162,1 миллиард сўмлик натижага эришилди. 

Жорий йилнинг ўтган 7 ойи давомида маҳаллийлаштириш дастури доирасида 5 миллиард 182,7 миллион сўмлик 26 турдаги, 24 лойиҳа бўйича 1 миллиард 445,1 миллион сўмлик 24 турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқарилди. 

Кон ишларини тезкор бошқариш мақсадида “Шарқий” ва “Довгистов” конларида диспетчерлик хоналарини замон талабига мос равишда янги замонавий компьютерлар ва интерактив дисплейлар билан таъминланди. Янги истиқболли карьерлардан бири – “Аджибугут” конида саноат майдони инфратузилмаси яхшиланиб, ходимлар учун дам олиш хоналари қурилди. 5-сонли АЁҚШ ишга туширилди. Кон бошқармасига “Шарқий ва Довгистов” конларини техник ва технологик қайта жиҳозлаш” ишчи лойиҳаси доирасида ковлаш ҳажми 7 м3 бўлган замонавий 2 дона LIEBHERRR9100 гидравлик экскаваторлари сотиб олинди. 

Ҳозирда конларни кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, “Кокпатас”, “Довгистов” ва “Джасаул” конларини қазиб олиш лойиҳасининг III навбати бўйича “Довгистов” конида 17,9 миллион тонна, “Кокпатас” конида 39,6 миллион тонна ва “Джасаул” конида 26,2 миллион тонна олтин таркибли маъдан захиралари Ўзбекистон Республикаси Давлат захиралар қўмитаси томонидан тасдиқланди. 

Мустақиллигимизнинг 33 йиллиги арафасида умумий қиймати 319 миллион 835 минг АҚШ долларига баҳоланган “Кокпатас” ва “Довгистов” олтин маъдан қазиб олиш III навбати” инвестиция лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши доирасида ишлар олиб борилди. 3-ГМЗда 7 та тегирмон ишга туширилган бўлса, яқин кунларда 8-тегирмонда ҳам ишлар якунланади. Натижада заводнинг маъданни қайта ишлаш қуввати йилига 8 миллион тоннадан 10 миллион тоннага ва кон ишларида тоғ жинсини қазиб олиш ҳажмлари 70 миллион м3дан истиқболда 100 миллион м3 га оширилади. 

2024 йилдаги комбинат ривожига қаратилган истиқболли лойиҳа сабаб “Кокпатас” ва “Довгистов” конлари карьерларини кенгайтириш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Жумладан, 3-ГМЗда 7- ва 8-сонли блокларини ишга туширилиши заводнинг флотация, биооксидланиш, сорбция, регенерация ва тайёр маҳсулотларни фильтрлаш, қуритиш ва куйдириш цехларининг кенгайтирилишига сабаб бўлди. Электр таъминотини барқарорлаштириш мақсадида “Феруза” нимстанциясида 220/10/10 кВ ва 10/04 кВ кучланишли 4 та нимстанцияларни қуриш, сув таъминотини қайта ишлаш ишлари жадаллашди. 

Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий соҳани ривожлантириш комбинат раҳбариятининг доимий эътиборида. 

“Шарқий” кони саноат майдонида ярим чуқурлаштирилган кўлами 15 тоннагача портловчи моддаларни сақлаш доимий чиқим омбори, ишчи-ходимлар учун 250 ўринли ошхона ишга туширилди. 3-ГМЗ ҳудудида Шимолий кон бошқармасининг марказий физика кимё ва биологик лабораториясининг янги биноси фойдаланишга топширилди. 

Хуллас, бугунги кунда Шимолий кон бошқармасида ишлар жадал суръатларда давом этмоқда. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири