English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Юксалиш” чекка қишлоқларга эътибор қаратди
11:02 / 2022-03-01

Мамлакатимизда “Юксалиш” умуммилий ҳаракати ҳамда “Тараққиёт” аҳоли турмуш тарзини ривожлантириш маркази “Ўзбекистоннинг чекка қишлоқ ҳудудларида пандемия шароитида қарорлар қабул қилишда аҳолининг эҳтиёжманд қатлами иштирокини ошириш” лойиҳасини амалга оширилмоқда.

Европа иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган ушбу лойиҳага Самарқанд вилоятининг Пахтачи ва Қўшработ туманларидаги тўртта маҳалла ҳам киритилган.

– Мақсад – танлаб олинган маҳаллаларда истиқомат қилувчи эхтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам (пул кўринишида) кўрсатиш, ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи оилавий шифокорлик пункти ва қишлоқ оилавий  поликлиникаларини COVID-19 га қарши махсус тўпламлар билан таъминлаш, ҳудуддаги кичик инфратузилма объектларини яхшилаш эди, – дейди “Юксалиш” умуммилий ҳаракати Самарқанд вилояти бўлинмаси раҳбари Элёр Ҳамроев. – Шу асосида ўтган йил Пахтачи туманидаги Гулобод ва Дўнг маҳалларидаги 57 та, Қўшработ туманидаги Юқори Жўш ва Тоз маҳаллаларидаги 58 та эҳтиёжманд оила вакилларига моддий ёрдам сифатида 3 миллион 730 минг сўмдан пул маблағлари тарқатилди. Бундан ташқари, мазкур маҳаллалар ҳудудидаги инфратузилма масалаларини ҳал қилиш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога йўналтирилди.  

Кеча лойиҳа доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди. Иккала туманнинг тўрт маҳалласидаги оилавий шифокорлик пункти ва қишлоқ оилавий поликлиникаларига 91,6 миллион сўмлик пульсоксиметр, механик тонометр, электрон тарози, рақамли термометр, глюкометр, тиббий кушетка ва бошқа жиҳозлар топширилди.

 Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА