Ташрифдан ташрифгача
Давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга амалга оширадиган ташрифлари жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш ва келгуси режаларни белгилаб олиш, халқ билан мулоқот қилиш, одамларни қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишнинг қулай платформасига айланган.
Жумладан, Президентимизнинг Самарқандга ҳар бир ташрифи ҳам вилоят ҳаётида янги саҳифа очиб, улкан бунёдкорлик ишларига асос бўлади, ислоҳотларни изчил амалга оширишга катта туртки беради. Бу ўринда 2023 йил август ойидаги ташриф чоғида берилган топшириқлар ҳамда ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбарининг бир қатор халқаро форумлар ва олий даражадаги учрашувлар муносабати билан Самарқандда бўлиб, ҳудудни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш юзасидан белгилаб берган вазифаларининг ижроси натижасида вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётида кўзга кўринарли натижаларга эришилди.
Бу ҳақда гапирганда жорий йил 9 ойи якуни билан вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажми 87,5 триллион сўмни ёки ўсиш суръати 107,7 фоизни ташкил этганини алоҳида қайд этиш лозим. Бунда саноат ҳажми 7,8 фоизга, қишлоқ хўжалиги 3,9 фоизга, хизматлар ҳажми 14,1 фоизга ва қурилиш ҳажми 22 фоизга ўсиши таъминланди.
Бугунги ислоҳотларнинг асосий мазмуни ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш бўлиб, ўтган 9 ойда 294,7 минг ишсиз аҳолининг бандлиги таъминланди. Натижада ишсизлик даражаси йил бошидаги 5,4 фоиздан 4,8 фоизга қисқарди.
Мамлакатимиз миқёсида улкан ҳаракатга айланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида бу йил вилоятда 36,7 минг оилани камбағалликдан чиқариб, камбағаллик даражасини 7,5 фоиздан 4,0 фоизга тушириш кутилмоқда. Бунинг учун реестрга киритилган камбағал оилаларнинг ҳар бири бўйича “индивидуал режа” ишлаб чиқилиб, 1086 та ташкилот раҳбар ва ўринбосарларига бириктирилди. Улар кўмагида 65,9 минг оилага барқарор бандлик хизматлари кўрсатилди. Натижада 36,7 минг нафар оила камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 4,8 фоизга туширилди.
Иқтисодиётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган 104 та лойиҳа ҳисобига 1,1 миллиард доллар (78,5 фоиз) тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди. Шунингдек, қиймати 613 миллион долларлик 18 та йирик ва аҳамиятли лойиҳа амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу лойиҳаларнинг 297 миллион долларлик 8 таси ишга туширилиб, 705 та янги иш ўрни яратилди.
Масалан, Самарқанд шаҳрида “Азиа Металл Проф” корхонасида қиймати 220 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи маиший техника ва автомашиналар учун тунука лист, рух ва полимер қопламали тунука ишлаб чиқариш, Самарқанд туманида “Intramed” МЧЖ томонидан қиймати 12 миллион долларлик тиббий марказ ташкил этиш, Оқдарёда “Alkan finans investments” МЧЖнинг қиймати 7 миллион долларлик парфюмерия ва косметика маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилди.
[gallery-26408]
Жорий йилда вилоятнинг экспорт ҳажмини 1,0 миллиард долларга етказиш белгиланган бўлиб, йилнинг уч чорагида 713,8 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 30 фоизга ошди.
Кейинги йилларда вилоятнинг асосий драйверига айланган туризмни ривожлантириш борасидаги чора-тадбирлар натижасида Самарқандга келаётган сайёҳлар сони ошиб бормоқда. 9 ой давомида 2,6 миллион нафар хорижий, 5,1 миллион нафар маҳаллий сайёҳ ташриф буюриб, уларнинг сони ўтган йилга нисбатан қарийб икки баробар ошди. Туризм хизматлари экспорти 538,2 миллион долларга етиб, 79 фоизга ошди. Туристларни кенг жалб этиш мақсадида жорий йилнинг ўзида 40 га яқин маданий кўнгилочар тадбирлар ва фестиваллар ўтказилди. Туризм салоҳияти юқори бўлган Ургутдаги Терсак ва Омонқўтон, Нуробод туманидаги Оқсой маҳаллаларига туризм қишлоғи мақоми берилди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Имом Бухорий мажмуаси буюк муҳаддис бобомизнинг ислом оламида тутган юксак мавқеи, улкан салоҳиятига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилди. Зиёратчиларга ҳар томонлама қулай шароит яратилди.
Шавкат Мирзиёев ҳар гал Самарқандга келганида мажмуа қурилиши жараёни билан танишиб, бу жой фақат зиёрат эмас, илм-маърифат, тарбия ва ибрат маскани бўлиши кераклигини, Имом Бухорийнинг буюк изланишлари, билими ва камолоти зиёратчилар, айниқса, ёшлар учун эзгу намуна бўлиши кераклигини таъкидлаганди. Шу мақсадда янги мажмуада инновацион музей ҳам ташкил этилди. Зиёратгоҳ атрофида тўртта тўрт юлдузли, иккита уч юлдузли ва 22 та оилавий уй меҳмонхоналари ташкил этилди.
Албатта, ислоҳотлардан мақсад аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратишдир. Давлатимиз раҳбари бу масалага доимо устувор аҳамият қаратади. Хусусан, Самарқанд шаҳрини миллионли шаҳарга айлантириш, шаҳар атрофида янги тураржой массивлари бунёд этиш борасидаги тақдимотлар чоғида белгилаб берилган вазифалар асосида жорий йилда 12500 хонадонли 181 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилмоқда. Реновация дастури асосида Самарқанд шаҳри темирйўл орти ҳудудидаги 16 минг нафар аҳоли яшайдиган 301 гектар ер майдонида 100 минг аҳолига мўлжалланган шаҳарча барпо этиш бошланди. Келгусида ушбу ҳудуднинг архитектуравий қиёфаси замонавий кўринишга келиши билан бирга, аҳоли учун 4 та хиёбон, 8 та тиббиёт муассасаси, 32 та боғча ва 5 та мактаб қурилади.
Ширин массивидаги 665 гектар ҳудудда эса 180 минг аҳолига мўлжалланган 250 дан зиёд кўп қаватли уй-жойлар, 40 ортиқ ижтимоий соҳа объекти, 25 дан ортиқ меҳмонхона, ишбилармонлик ва бизнес марказлари, спорт мажмуалари қурилади. Биринчи босқичда 100 гектарда қурилиш ишлари бошланади.
Бу йил давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Самарқанд - Ургут” йўналишида 55 километр масофада янги темирйўл тармоғи ҳамда 2 та вокзал қурилди. Мазкур темирйўлда 1 декабрдан поезд ҳаракати йўлга қўйилади, 2026 йилда темир йўл линияси электрлаштирилиши ҳисобига аҳолига хизмат кўрсатиш бошланади.
Самарқанд шаҳрида кўприк ва туннелларни қуриш лойиҳаси доирасида жами 84,2 миллион доллар маблағ эвазига Гагарин ва Рудакий кўчалари кесишмасида қурилаётган туннел йил якунигача ишга тушурилади. Гагарин кўчасини М-37 автомобиль йўли билан тўғридан-тўғри боғлаш учун темирйўл устида ҳамда Сиёб канали устида кўприклар қурилишига киришилди.
Давлатимиз раҳбарининг аввалги йиллардаги ташрифи чоғида Булунғур тумани марказига элтувчи асосий автомобиль йўли темирйўл билан кесишгани сабабли поездлар қатнови пайтида ушбу йўлда узоқ вақт тирбандлик юзага келиб, бу кўплаб ноқулайликларни келтириб чиқараётгани айтилганди. Бир неча ўн йиллар давомида ечим топилмаган масала ниҳоят жорий йилда ҳал этилди. Кейинги икки йил давомида темирйўл остидан туннел ўтказилиб, автротранспорт воситаларининг доимий ҳаракатланиши учун имконият яратилди. 2026 йилда Жомбой туманида ҳам шундай туннел қуриш режалаштирилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу галги ташрифидан ҳам Самарқанд ва самарқандликлар учун катта ўзгаришлар, янгиланишлар кутилмоқда ва бу пировардида вилоятнинг ҳар томонлама ривожланиши, янада обод бўлишига хизмат қилади.
Ғолиб ҲАСАНОВ, Алишер ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА мухбирлари