Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксакликка йўл
16:15 / 2021-01-02

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасининг мазмун-моҳияти бахту саодатимиз учун чақирик, десак тўғри бўлади назаримда. Зеро, давлатимиз раҳбари орзу-мақсадларимиз йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш учун жуда муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Мурожаатномадаги барчага манзур бўлган биргина ижтимоий йўналишдаги таклиф ва ташаббусларга эътибор қаратайлик:

- Мактабгача таълим қамровини янги йилда 65 фоизга, 2023 йил охиригача 75 фоизга етказиш керак. Давлат бюджетидан 600 миллиард сўм субсидия ажратиш ҳисобидан 2000 та хусусий боғча ташкил қилинади.

- Она ва бола саломатлигини мустаҳкамлаш учун кейинги йилдан бошлаб, 15 ёшгача бўлган болалар ва ҳомиладор аёлларга 7 турдаги витамин, паразитар касалликларга қарши дори воситалари бепул берилади.

- Олий ўқув юртларига киришда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қизлари учун грантлар 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади.

- Келгуси йилдан аёлларимизнинг жамиятдаги ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида фаол опа-сингилларимиздан таркиб топган Республика хотин-қизлар жамоат кенгаши ташкил этилади.

Мурожаатномада иқтисодиёт, ижтимоий сиёсат, давлат бошқаруви, суд ҳуқуқ тизими масалалари кўриб чиқилар экан, иқтисодий ислоҳотлар, хусусан аҳолини камбағалликдан чиқариш масаласига алоҳида урғу берилди.

Сўнгги тўрт йилда иқтисодиётимизнинг барча жабҳаларига бозор механизмларини жорий этиш борасида жиддий қадамлар ташланди. Эндиги вазифа – чуқур таркибий ислоҳотлар орқали узоқ муддатли барқарор ўсишнинг пойдеворини яратишдан иборат.

Бир ҳақиқатни аниқ тушуниб олишимиз керак – камбағаллик масаласи кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бунинг учун таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик сув, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этиб бориш керак.

Президентимизнинг Мурожаатномада илгари сурган бу каби таклифлари ҳалқимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди ва эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Шундай экан, ҳар биримиз жамиятдаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва бағрикенглик каби олижаноб фазилатларни қарор топтириш, аждодлардан мерос қолган миллий ва умумбашарий қадриятларимизни давом эттиришда ўз ҳиссамизни қўшайлик. Тинчлик, бирдамлик, жипслик, ҳамжиҳатлик - буларнинг барчаси халқни улуғликка, юксакликка етаклайди. Иродаси мустаҳкам, руҳи тоза, пок ниятли халқни ҳеч ким ва ҳеч нарса енголмайди.

Ҳилола ИБРОҲИМОВА,

Республика Маънавият ва маърифат маркази мутахассиси.

ЎзА