Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксакларда ҳилпираётган маҳобатли байроқ
19:37 / 2019-11-18

Ўзбекистон Республикаси байроғи таъсис этилган кун – 18 ноябрь Жиззахда ҳам катта байрамга айланди. Шу куни биринчи марта Жиззахнинг бош майдонидаги 60 метрлик флагштокда давлат байроғи ҳилпиради.


Ўзбекистон Республикаси байроғи таъсис этилган кун – 18 ноябрь Жиззахда ҳам катта байрамга айланди. Шу куни биринчи марта Жиззахнинг бош майдонидаги 60 метрлик флагштокда давлат байроғи ҳилпиради.

Давлат рамзлари ҳар биримиз учун азиз ва муқаддас ҳисобланади. Бу рамзлар орасида давлат байроғи ҳам бор. Байроғимизда Ватаннинг суврати, меҳру таровати, халқнинг мардонавор ўтмиши, бугунги фидокорлиги ва истиқболи акс этиб турибди. Шунинг учун байроғимизнинг ҳилпираб туришига кўзимиз тушиши билан қалбимиз фахр ва ғурурга тўлади.

Эрталаб Жиззах шаҳрининг марказий кўчаси бўйлаб “Давлат байроғи – фахрим, ғурурим” шиори остида ўтказилган юриш қатнашчилари қўлларида ҳилпираган байроқлар одамлар қалбини ана шундай эзгу туйғуларга тўлдирди.

photo5372993797010599076.jpg

photo5375357661110971629.jpg

Ҳарбий оркестр, Миллий гвардия техникаси, отлиқлар, ҳарбий қисмлар аскарлари, велосипедчилар, “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув курсларининг ҳарбий чақириққача ёшлари, “Темурийлар издошлари” нодавлат таълим муассасалари ўқувчиларидан иборат минглаб юриш қатнашчилари оқими Мустақиллик майдони сари ҳаракатланди.

Жиззах шаҳрида амалга оширилаётган қурилиш, реконструкция ишлари доирасида шаҳар марказидаги 3,3 гектарлик Мустақиллик майдони қайтадан қурилиб, Ўзбекистон Республикаси байроғи ўрнатилган 60 метр баландликда устун барпо этилди.

Майдонда байрам иштирокчилари тарихий воқеага гувоҳ бўлишди. Вилоятнинг бош майдонида давлатимиз байроғи энг баландга кўтарилиб, мағрур ҳилпиради.

Пойтахтимизнинг Халқлар дўстлиги майдонидаги ва Андижон, Гулистон, Навоий, Нукус шаҳарларидаги мавжуд флагштоклар қаторида Жиззах шаҳридаги баланд устунга ўрнатилган давлат байроғи қалбларга ғурур бағишлайди.

photo5375357661110971630.jpg

photo5375357661110971631.jpg

– Ватан рамзи бўлган байроғимизнинг ана шундай энг баландда ҳилпирашида она Ватан тимсоли мужассамлигини туйиб, ўзингни бахтли, бардам ҳис қиласан, келажакка ишонч билан боқасан, – дейди тадбир иштирокчиларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Парда Зиётов. – Давлат байроғи ор-номусимиз, шон-шавкатимиздир. Аждодларимиз юрт туғини ҳар нарсадан муқаддас билган, кўз қорачиғидай авайлаб-асраган. Бугун осмонимиз узра мағрур ҳилпираб турган байроғимиз қалбимизда Ватан муҳаббатини алангалатиб турибди.

Қайта қурилиб, одамларнинг сайр қилиб, дам олишлари учун хушманзара масканга айлантирилган вилоят бош майдонида давлатимиз рамзи бўлган байроқнинг ҳилпираб туриши одамлар қалбига она Ватан меҳрини сингдириб, келажакка ишонч билан боқишга руҳлантирди.

Ўзбекистон Республикаси давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан байрам тадбирлари санъат усталари, вилоят бадиий жамоалари ва ёш санъаткорларнинг гала концерти билан кечгача давом этди.

Байрам тадбирларида Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев сўзга чиқди.