Юксак тиббий маданият – саломатлик қалқони
Иқтисодиёт тармоқлари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишларида тақдим этилаётган имтиёзлар кўлами эса янада кенг.
Мулоҳаза ва муносабат
Инсон энг олий қадрият, унинг саломатлиги ҳамма нарсадан устун қўйилган мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳолини бу офат чангалидан эсон-омон олиб чиқиш учун зарур барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан иқтисодиёт тармоқлари, тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга Давлат бюджетидан катта маблағлар йўналтириляпти.
Президентимиз 3 апрель куни ўтказилган коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида халқимизга яна бир марта мурожаат қилиб, жумладан, шундай деди: “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз”.
Тарихдан маълумки, буюк табиб Ибн Сино бобомиз ҳам шу каби ҳолатлар, яъни эпидемия вақтида биринчи чора сифатида одамларнинг уйида қолишга, жамоат жойларда йиғилмаслик, бозор ва масжидларни вақтинча ёпиш, мулоқотлардан тийилишга чақирган. Мазкур тавсиялар бугунги кунимизда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.
Чиндан ҳам, соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари бу касаллик шахсий гигиенага риоя этмаслик, инсонларнинг яқин мулоқоти орқали юқиши ҳақида огоҳлантириб, “СOVID-19” занжирини ижтимоий яккаланиш орқали узишга чақирмоқда. Шу боис юртимизда карантин эълон қилинди. Шунингдек, пойтахтимиз, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланди. Зарурат юзасидангина кўчага чиқиш, шунда ҳам юзга ниқоб тақиш, қўлга бир марталик қўлқоп кийиш тавсия этиляпти. Вирус юқтириб олганлар Жаҳон соғлиқни сақлаш вазирлиги тавсиялари асосида даволанаётгани туфайли бугунги кунга қадар 30 нафар бемор дардни енгиб, тузалишга муваффақ бўлинди.
Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ғамхўрликнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди. Унга кўра, коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича тиббиёт ва карантин муассасалари қурилиши учун зарур бўлган қурилиш материаллари, шунингдек, улар фаолият кўрсатиши учун зарур товарлар 2020 йил 31 декабргача божхона тўловларидан, шу жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод этилди. Бундан ташқари, коронавирус инфекциясини аниқлаш бўйича экспресс-тестларни олиб киришда улар учун божхона расмийлаштируви йиғими ундирилмайдиган бўлди. Бу фақат тиббиёт йўналишида тақдим этилаётган енгилликлар, холос. Иқтисодиёт тармоқлари, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йўналишларида тақдим этилаётган имтиёзлар кўлами эса янада кенг.
Ҳаёт давом этмоқда. Юзага келган қийинчиликка қарамасдан, ҳамма касб эгалари ўз юмушлари банд. Шифокорларимиз соғлиғимиз учун қайғураётган бўлса, деҳқон ва фермерлар, тадбиркорлар озиқ-овқат хавфсизлигимизни таъминлаш йўлида меҳнат қилишмоқда. Ахир, қишлоқ хўжалигида баҳорнинг ҳар дами ғанимат. Уни орқага қайтаришнинг эса сира иложи йўқ. Шунинг учун бизнинг Бухородаги BCT (Бухоро пахта-тўқимачилик), Қуйи Чирчиқдаги ТCT (Тошкент пахта-тўқимачилик) кластерларимизнинг 12 минг кишилик жамоаси ишни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда ташкил этиб, экин майдонларига тўлиқ чигит экиб бўлинди.
Таъкидлаш керакки, эпидемиологик ҳолатнинг фақат яхши томонга ўзгариши эса ўзимизга, тиббий маданиятимизга боғлиқ бўлиб турибди. Бунга офатга қарши курашда ижобий натижага эришган Хитой ва Сингапур тажрибаси, Япония халқининг ўзга хос турмуш тарзи мисол бўла олади. Президентимиз бу борада “япон феномени”га алоҳида урғу бергани ҳам бежиз эмас, албатта. Чунки бу миллат соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиб, кийиниш, овқатланиш, айниқса, ўзига хос саломлашиш маданиятини сақлаб қолгани таҳсинга лойиқ.
Аслида, бу борада миллатимизнинг ҳам кўз-кўз қилишга арзийдиган урф-одатлари кам эмас. Масалан, cаломлашиш одобини олайлик. Ота-боболаримиз бугунгидек қўл бериб, бош уриштириб кўришмаган. Яқин қариндошлар, ёру дўстлар билан ҳам саломлашиш, сўрашишда қўлларини кўксига қўйган ҳолда, ўзгача назокат намунасини намоён этишган. Уйга меҳмон келганда, албатта, қўлда обдаста, елкада сочиқ билан қаршиланган. Бу анъана ҳозир давом эттирилмоқда. Бироқ синовли кунларда карантин талабларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари учраб тургани, хусусан, бугунги кунгача 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетгани ташвишланарли ҳолдир.
Тўғри, кундалик ҳаётда ижтимоий фаол бўлган кишининг бир жойда ўтириши осон эмас. Аммо вақтни тўғри тақсимлаб, фойдали иш билан шуғулланаётганлар учун карантин даври масофавий ишлаш, билим-кўникмаларини бойитиш учун қулай фурсатдир. Уйда қолиш, жамоатдан тийилиш, ўзини яккалаш коронавирусдан ҳимояланишнинг энг мақбул йўли эканлигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлаётган экан, унга амал қилайлик. Насиб бўлса, ана шунда офатни енгиб, унинг синовидан беталафот ўтишга муваффақ бўламиз. Зотан, юксак тиббий маданият саломатликнинг мустаҳкам қалқонидир.
Муртазо РАҲМАТОВ,
Олий Мажлис Сенати
Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси аъзоси.