Навоий вилояти ҳокимлигида мустақиллигимизнинг 31 йиллиги муносабати билан Президентимизнинг фармонига мувофиқ, муносиб меҳнатлари учун Ватанимизнинг юксак мукофотларига, орден ва медалларига сазовор бўлган бир гуруҳ юртдошларимизни муборакбод этиш, уларга мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов вилоятда барча соҳаларни ривожлантириш, ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш, миллий қадрият ва анъаналаримизни кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.
Тадбирда 13 нафар турли соҳа вакилларига давлатимизнинг юксак мукофотлари тантанали топширилди.
[gallery-8608]
Шунингдек, жамиятимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ўрни ва ролини кучайтириш, жойларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, кенг қамровли профилактика тадбирлари ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор фуқаролар ва жамоатчилик тузилмалари вакилларидан 18 нафари “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Маҳалла тизими ривожига қўшган муносиб ҳиссаси учун “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан уларга 1,2 миллион сўмдан пул мукофоти ва даволанишлари учун “Навбаҳор сиҳатгоҳи” санаторийсига бир марталик бепул йўлланмалар берилди.
Абдували Бўриев, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА