Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида истиқомат қилувчи 102 ёшли Ҳамро момо Муслимова Президент фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Юксак мукофотни вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов тантанали равишда топширди.
Вилоят ҳокими мукофотни ўз эгасига топширар экан, давлатимиз томонидан ёши улуғ нуроний отахон ва онахонларимиз учун яратилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида гапириб, Президентимиз табригини етказди ва байрам совғаларини топширди.

Ҳамро момо 40 йилдан ортиқ вақт давомида ўрта мактабда болаларга бошланғич синфларда таълим берган. Онахон турмуш ўртоғи, раҳматли Адиз бобо Шарипов билан 5 фарзандни вояга етказган. Ҳозирги кунда онахон 35 невара, 61 чевара ва 22 нафар эваранинг ардоғида умргузаронлик қилмоқда.
Ҳамро момо шу кунларга етказгани учун шукрона келтириб, юрт тинчлиги, Ватан тараққиёти ва эл фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар ривожини сўраб, дуо қилди.
Абдували Бўриев, ЎзА