Яқинда давлатимиз раҳбарининг фармони билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган бир гуруҳ ходимлар мукофотланди. Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Шорустам Шомусаров “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Ш.Шомусаров ТДШУда 1982 йилдан буён фаолият олиб боради. Шу давр мобайнида ўқитувчи, кафедра мудири, илмий ишлар бўйича проректор вазифаларида ишлаган. 1988 йил номзодлик, 1998 йил филология фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган. 2017 йил профессор унвонига сазовор бўлган. Ҳозирги кунда Арабшунослик олий мактаби профессори ҳамда университет ҳузуридаги филология фанлари бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини берувчи Ихтисослашган кенгаш аъзоси сифатида фаолият юритмоқда.
Тажрибали устоз кўп йилдан буён “Ўрганилаётган тил тарихи”, “Тил стилистикаси”, “Мутахассисликка оид махсус адабиёт таҳлили”, “Шарқшуносликка кириш”, “Шевашунослик”, “Мутахассисликнинг назарий масалалари”, “Синхрон таржима” каби кўплаб фанлардан маърузалар ўқиб келмоқда. 160 дан зиёд илмий мақола, 19 монография, 5 дарслик ва ўқув қўлланмаси яратган, бир неча илмий ва адабий манбаларни араб тилидан таржима қилган. 2 та инновацион ва фундаментал лойиҳада иштирок этган. Хусусан, 2012-2016 йилларда “Шарқ халқлари адабиёти ва жанрлар типологияси” ҳамда “Ипак йўли халқлари фольклори” номли илмий лойиҳалар доирасида 2 монография ва таржималар тўплами нашр эттирган.

Шунингдек, 1985 йил Ереван, 1996, 2009 йилларда Москва, 1996 йил Қоҳира, 2001, 2007, 2009, 2023 йилларда Ар-Риёдда ва бошқа қатор хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро конференцияларда чиқиш қилган. Унинг илмий мақолалари Миср, Қатар, АҚШ, Сурия, Туркия, Саудия Арабистони, Марокаш, Германия, Қирғизистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Россияда чоп этилган. Олим 2022 йил Боку давлат университети проффесор-ўқитувчиларига “Араб тилини ўқитиш бўйича янги технологияи”, 2019 йил Тожикистоннинг Хўжанд университетида “Араб тилини ўқитиш: анъанавийлик ва новаторлик” мавзуларида маъруза ўқиган.
Шорустам Шомусаров 2015-2024 йиллар мобайнида 20 нафардан кўп магистрга илмий раҳбарлик қилган. Икки шогирди Навоий стипендиясига сазовор бўлган. Унинг раҳбарлигида 8 нафар филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD), 1 филология фанлари доктори (DSc) етишиб чиқди.

Қолаверса, профессор “Шарқ машъали” ҳамда Саудиядаги “Шарқшунослик масалалари” журналлари таҳрир ҳайъати аъзоси ҳисобланади. 2020 йилдан қароргоҳи Дубайда жойлашган Жаҳон араб тили иттифоқи Марказий кенгаши аъзоси, 2024 йилдан Саудия Арабистони Подшоҳлиги “Тадқиқотлар ва маърифий алоқалар маркази” маслаҳатчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда.
Ш.Шомусаров каби фидойи ва етук олимларимиз меҳнати, илм-маърифат йўлидаги тинимсиз изланиши юртимизда таълим соҳаси юксалишига хизмат қилмоқда. Устознинг бой илмий мероси, халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ва талабаларга меҳри барчамиз учун намуна.
Президентимиз томонидан берилган давлат мукофоти – “Дўстлик” ордени нафақат профессор Шомусаров шахсига, балки барча устозлар – илм аҳлига билдирилган улкан ишонч белгисидир. Бу эътироф мутахассисларимизни янада кўпроқ изланишга чорлаб, ёш авлод тарбияси йўлида жонкуярлик билан хизмат қилишга ундайди.
Икром Бултаков,
ТДШУ Арабшунослик олий мактаби раҳбари
ЎзА