Бугун ҳаракат қилган, мақсади сари интилган борки, яхши натижаларга эришмоқда. Масалан, Қашқадарё вилояти Қарши тумани Поштон маҳалласида яшовчи Дилафруз Нормўминова тикувчилик ҳунарига ўқувчилик йилларидан буён қизиқади. Момосидан қолган дастгоҳ унинг ягона иш қуроли эди. Замонавий қулайликларга эга бўлмасада ушбу дастгоҳ орқали Дилафруз маҳалладаги хотин-қизларнинг истакларига мос либослар тикишни уддасидан чиқиб келарди. Лекин талаблар ўзгаряпти, дунёқараш шаклланяпти. Замон билан ҳамнафас юрилмаса, рақобатга бардош бериш қийин. Дилафрузда ҳам замонавий тикув дастгоҳи олишга эҳтиёж туғила бошлади. Муддаосини маҳалладаги ёшлар етакчисига билдирди.
Етакчининг киритган таклифига биноан Дилафрузга ҳам субсидия асосида бир дона тикув машинаси ажратилди. Бу қўллаб-қувватловга Дилафруз ўз меҳнатсеварлиги, ташаббускорлиги билан жавоб берди. Ҳунарга бўлган меҳри орқали қисқа вақт ичида ўз соҳасида катта натижаларга эриша бошлади.
Буюртмалар кўпайиб, иш ҳажми ортгач, якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтди. Ёнига шогирдлар олди. Ҳунармандлар уюшмаси аъзолигига ҳам қабул қилинди.

Айни пайтда унинг мўъжазгина тикувчилик цехида миллий анъаналарга хос ва замонавий услубдаги кийим-кечаклар, пардалар, қуроқ тикиш, каштачилик, кўрпа-кўрпача қовуш каби турли хил маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Муҳим жиҳати шундаки, Дилафруз Нормўминова нафақат ўзи меҳнат қилмоқда, балки шогирдлар тайёрлаш ва уларни тўлиқ ўқитиш орқали тадбиркорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшмоқда. Ҳозирги кунда унинг қўл остида 15 нафардан ортиқ хотин-қизлар ҳам тикувчилик ҳунари сирларини ўрганмоқда. Уларни амалиёт асосида ўқитишга алоҳида эътибор қаратиб, ҳар 6 ойда 10 нафар хотин-қизни тикиш ҳунарига ўргатиб, уларни сертификат билан таъминлаш тизимини жорий этган.
– Илгари ишсиз эдим, рўзғор ишларига ўралашиб қолгандим, – дейди Дилафрўз Нормўминова. – Ҳукуматимиз томонидан замонавий тикувчилик дастгоҳи берилгач, ишларим юришиб кетди. Буюртмалар кўпайиб, оила бюджетига ўз ҳиссамни қўша бошладим. Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятимизни кенгайтириб, маҳсулотлар турларини ҳам кўпайтириб бормоқдамиз. Орттирган даромадимиздан моддий техник базамизни мустаҳкамлаб боряпмиз. Келгусида иш фаолиятимизни янада ривожлантириш устида ишлаяпмиз.
Бу меҳнатсевар тадбиркор аёлнинг фаолияти ҳунармандчиликни ривожлантириш, аёлларни иш билан таъминлаш ва ёшларни касбга йўналтириш борасида ёрқин намуна. Дилафрўз Нормўминова каби ҳунарманд аёлларнинг кўпайиши, айниқса, олис қишлоқларда фақат рўзғор ташвишлари билан овора бўлиб қолган хотин-қизлар учун умид учқуни бўлиб хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири