Сўнгги вақтларда мамлакатимизда пиллачилик ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани сабаб соҳадаги кўрсаткичлар йил сайин ошиб бормоқда. Бу йил Бухоро вилояти пиллакорлари янгича ёндашув, марказлашган ҳолда ипак қурти парваришлаб юксак маррани кўзлашган.
– Жондор тумани пиллачиликда ўз тарихига эга, – дейди Жондор тумани ҳокими ўринбосари Шаҳноза Раҳмонова. – Бугунги кунда замонавий усулларда пилла боқиш анъаналари ривожланиб бормоқда. Олдинги йиллардан пиллачилик соҳасида ҳам талаб камлиги ҳам талай қийинчиликлар бўлганлиги сабаб пилла етиштиришга эътибор камайди. Бугунга келиб мингга яқин хонадонларда ипак қурти боқиляпти ва сифатли пилла етиштиришга эришиляпти. Ҳозирда 7260 минг қути ипак қурти боқиляпти. Бунда 6 мингга яқин хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда. Натижада хотин-қизларнинг хонадонига, ижтимоий ҳаётидаги фаровонлигини ошириш даражаси кўтарилмоқда.

Жорий йилда Бухоро вилояти пиллакорлари 52 минг 388 қути ипак қурти парваришлашга киришди. Хитой ва Польша тажрибалари асосида кумуш толанинг нафақат салмоғи, балки сифати ҳам яхшиланиб бориши натижасида “кумуш тола” етиштирувчилар биринчи мавсумнинг ўзидан кўзланган мақсадни 80 фоиздан орттириб уддалашни режа қилишган. Яъни бу йилги марра 3 минг 500 тоннага яқин хирмон кўтариш. Ҳозирда ипак қурти парваришининг ўзи 12 400 нафар аҳоли бандлигини таъминлаяпти. Уларнинг катта қисми эса хотин-қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

– Қароли маҳалла Хорсафед қишлоғида ипак қурти боқадиган марказимиз бор, – дейди “Қароли” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шоҳиста Ниёзова. – Марказда 100 қутига яқин ипак қурти боқяпмиз. Марказда 30 нафар хотин-қиз иш билан таъминланган. Айниқса, кам таъминланган, эҳтиёжман аҳоли қатлами фаолият олиб боряпти. Қутилар сонини кўпайтириб, яна кўпроқ хотин-қизларни бандлигини таъминлашни режалаштирганмиз.
Ипак қуртидан илгарилари бир маротаба ҳосил кўтарилган. Ҳозирга келиб, 4 марта кумуш тола етиштирмоқда. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Аввало, жойларда ипак қурти озуқа базасини шакллантириш борасида ҳам катта ҳажмдаги ишлар амалга оширилди.
– Бир қути ипак қурти боққан хонадон кам деганда икки ярим миллион сўм даромадга эга бўлади, – дейди пиллачилик корхонаси раҳбари Шабон Ҳожиев. – Олдин 1 тонна 200 килограмм тут барги талаб қилинган бўлса, ҳозир 600-700 килограмм билан тўйиняпти. Ундан ташқари пилласининг ҳам салмоғи юқори бўлади. Бу эса ипак қуртини боқадиган хонадонларнинг даромадини ошишига, қўл меҳнатини енгиллаштиришга олиб келади. Чет элликлар биринчи навбатда сифатга эътибор қаратади. Ҳозирда Жанубий Корея, Въетнам, Ҳиндистон ҳамда Эрон давлатлари билан доимий шартномаларимиз бор. Улар ипагимизнинг доимий харидорлари.

Президентимизнинг 2024 йилнинг 3 майда қабул қилинган “Пилла етиштириш ва ипакчилик соҳасида бозор механизмларини жорий қилишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида вилоятда ўтган йили 15 миллион туп, жорий йил баҳорда эса 5 миллион туп тут кўчатлари экилди. Бу ҳам ҳосилдорлик салмоғи ортишида муҳим ўринни эгалламоқда.
Бухорода пиллачиликда 5 кластер аҳоли манфаатдорлигини таъминлаш бўйича истиқболли лойиҳалар устида иш олиб боряпти. Эндиликда катта тажрибага эга, аммо, маълум сабаблар билан ипак қурти парваришлашдан йироқлашган аҳоли вакиллари ҳам пилла оиланинг қўшимча даромад манбаи эканини англаган ҳолда соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Маълумки, ипакчилик саноатида бой тажрибага эга мамлакатимиз маҳсулотларига бўлган талаб йил сайин ошмоқда. Шу жумладан, пилла хомашёси ҳажми йилдан-йилга ортиб бораётган Бухоро вилоятида ҳам экспорт салоҳияти тобора кенгаймоқда. Бу йилги парвариш жараёнларидан шу нарса маълумки, маҳсулот салмоғи янада оширилади. Бу эса қишлоқ аҳолиси фаровонлигини оширишга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.