Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти
10:20 / 2021-04-03

Темурийлар тарихи давлат музейида Давлат божхона қўмитаси Божхона институти томонидан Республика Маънавият ва маърифат маркази ва Халқаро Амир Темур жамғармаси билан ҳамкорлигида “Юксак маънавиятли шахс тарбиясида Амир Темур ўгитларининг аҳамияти” мавзуида илмий-маърифий анжуман ташкил этилди.

Буюк саркарда, йирик давлат арбоби, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлган Амир Темур таваллудининг 685 йиллиги арафасида бўлиб ўтган ушбу тадбирда бугунги таҳликали даврда улуғ-аждодларимиз сиймосига юксак эҳтиром кўрсатиш, хусусан, жаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган, мардлик ва адолат тимсоли сифатида улуғланадиган буюк шахс — Амир Темур ҳаёти ҳамда фаолиятини ўрганишга халқаро миқёсда қизиқиш жуда катта эканлиги таъкидланди.

Амир Темурнинг бой маънавий меросидан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда кенг фойдаланиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани алоҳида қайд этилди.

Дарҳақиқат, жаҳон тамаддуни тарихида Темурийлар даври Ренессанси номи билан чуқур из қолдирган, илм-фан, маданият тараққиётига алоҳида эътибор қаратган Соҳибқироннинг буюк давлатчилик тарихи, бой мероси, фалсафий мушоҳадага йўғрилган теран ғоя ва қарашларини чуқур ўрганиш, тадқиқ қилиш ва уларнинг туб маъно-мазмунини ёш авлод онгига сингдириш беқиёс аҳамият касб этади.

Мухтасар Қодирова,

Республика Маънавият ва маърифат маркази етакчи мутахассиси.

ЎзА