Инсон борки, дунё кўргиси, турфа халқлар маданияти, урф-одатлари, яшаш тарзи билан танишгиси келади. Қизиқувчанлик, янгиликларга интилиш, сайру саёҳат одамзот тийнати, фитратию сийратига сингиб кетган. Шу маънода туризм барча замон ва маконларда энг сердаромад, камхарж ҳамда истиқболли соҳа сифатида тараққий этиб келмоқда.

Янгиланаётган Ўзбекистонда ҳам сайёҳлик тармоғини ривожлантиришга мамлакат иқтисодиётининг локомотиви сифатида қараляпти. Сайёҳларни жалб қилиш ва улар учун зарур инфратузилмани яратиш масаласига давлат сиёсати даражасида эътибор берилмоқда.
Кейинги етти йилда соҳага оид ўнлаб фармон ва қарорлар қабул қилингани, давлатимиз раҳбари раислигида қатор видеоселектор йиғилишлари, учрашувлар ташкил этилгани сўзимиз исботи.
Шу йилнинг 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш масалалари кенг муҳокама этилди. Мутасаддиларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил давом эттириш масалалари бир йиғилиш давомида муҳокама этилгани бежиз эмас. Чунки сайру саёҳат, асрий анъаналар, сирли маданиятлар, гўзал табиат, соф экология, мароқли ҳордиқ чиқариш тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ ҳамда бири бошқасини тақозо қилади. Уларнинг бирисиз иккинчиси тугал бўлмайди, ўз жозибадорлигини йўқотади.
Шу боис давлатимиз раҳбари бу тушунчаларга яхлит нуқтаи назар билан қараб, уларга доир барча масалаларни комплекс ҳал этиш, ривожлантириш бўйича устувор чора-тадбирларни белгилаб берди.
Тан олиш кераки, Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган, дунё аҳлини ўзига жалб этувчи тарихий обидалари, бебаҳо асори атиқалари, жаннатмонанд табиати, халқининг жозибакор маданияти, боқий қадриятлари бўла туриб, Ўзбекистонда туризм соҳасида йиллар давомида қолоқлик кузатилди. Бунга қатор омиллар сабаб эди. Жумладан, замонавий инфратузилманинг йўқлиги, хизмат кўрсатиш тизимининг абгор ҳолати, энг асосийси, мамлакатда ҳукм сурган “ёпиқлик” сиёсати, чет элликлар учун виза олиш масаласининг ҳаддан ташқари мураккаблаштирилгани, жозибадор имижнинг шакллантирилмагани хорижликларнинг кўҳна ва навқирон диёримизга келиши учун катта қизиқиши ҳамда иштиёқи бўлишига қарамай, уларнинг бу истак ва ниятлари рўёбига тўсиқ бўлиб келарди.
Ўзбекистонда кеза бошлаган янгиланиш нафаси, баҳорий илиқлик бу борадаги муз каби қотиб қолган ёндашувларни бутунлай эритиб юборди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатъий сиёсий иродаси боис Ўзбекистон ташқи дунёга очилди, жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашув кучайди. Кўплаб хорижий мамлакатлар фуқаролари учун юртимизга виза олиш тартиби бекор қилинди ёки соддалаштирилди. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида олиб борилган тарихий ўзгаришлар, очиқлик, ошкоралик, шаффофликнинг кенгайгани, эркинлик, тинчлик-ҳотиржамликнинг барқарорлиги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини янада мустаҳкамлади. Бу ўз навбатида, юртимизга чет эллик сайёҳлар бир неча баробар ортишига сабаб бўлди.
Туризм инфратузилмаси тобора кенгайиб бормоқда. Замон андозаларига мос меҳмон ўринлари, саёҳат жойлари ва йўналишлари кўпайяпти. Юртимизнинг турли ҳудудларида ўтказилаётган ҳар хил халқаро фестиваллар, маданий форумлар, анжуманлар жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортиб, серқуёш диёримизга ошуфталигини кучайтирмоқда.
Юқорида таъкидлаганимиз видеоселектор йиғилишида ҳам айни йўналишдаги ишларни янада кенгайтириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилди. Туристларни кўпайтириш бўйича янги имкониятлар кўрсатиб ўтилди.
Аввало, қўшни давлатлардан, Россия ва Хитойдан сайёҳларни жалб қилиш учун қулай имконият борлиги қайд этилди. Хусусан, юртимиз вилоятлари Хитой провинциялари билан ҳамкорлик ўрнатган. Бундан фойдаланиб, ҳудудларимиз туристик салоҳиятини тарғибот қилиб, Хитойдан йилига 1 миллион сайёҳни жалб қилиш мумкинлиги айтилди.
Ушбу эзгу мақсадга эришиш учун сайёҳлик инфратузилмасини, транспорт тармоғини янада ривожлантириш, жумладан, дунё мамлакатлари шаҳарларидан тўғридан-тўғри авиақатновларни кўпайтиришдан ташқари халқимизнинг жилвакор маданиятини, жозиб санъатини, ўлмас қадриятларини намойиш этишни янада кенгайтириш зарур.
Бинобарин, халқимизнинг маданий ўзига хослиги, урф-одатлари, анъаналари кўплаб ўзга элу элатлар учун гўё очилмаган сирли сандиқ. Ундаги дуру жавоҳирлар оҳанрабоси жаҳоннинг турли минтақаларидаги одамларни ўзига тортиб туради. Бунга Президентимиз ташаббуси билан юртимизда халқаро миқёсда ўтказилаётган мақом, бахшичилик, рақс, кино санъати фестиваллари ҳамда анжуманларида иштирок этаётган хорижлик сайёҳларнинг кўзларидаги кучли ҳаяжонни, ҳавас ва ҳайратни кўриб, гувоҳ бўлиб келяпмиз.
Шу боис йиғилишда ҳудудларда туристларни жалб этадиган маданий тадбирларни янада кўпайтириш топшириғи берилди. Эндиликда вилоятлар ҳокимликлари Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ҳар ойда камида битта юртимизнинг жозибадорлигини оширишга хизмат қиладиган йирик маданий тадбир ўтказади. Шунингдек, йи-илишда
туман ва шаҳарларда мавжуд сайилгоҳ, хиёбон, истироҳат боғлари, театр ва маданият уйлари имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётгани танқид қилиниб, ҳудудлар раҳбарларига бу жойларда мусиқий, кўнгилочар, маърифий тадбирларни мунтазам ўтказиб бориш топшириғи берилди.
Жаҳон амалиётида мамлакатларнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишда кино, сериал, ҳужжатли фильмлардан кенг фойдаланилмоқда. Шу боис соҳа мутасаддиларига юртимиз тарихи, маданияти, бебаҳо асори атиқалари ҳақида бадиий, мусиқий ва ҳужжатли фильмлар яратиш вазифаси юкланди.
Яқинда, 16-20 октябрь кунлари Самарқанд шаҳрида илк бор Жаҳон туризм ташкилотининг Бош ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтади. Унга 128 та мамлакатдан 1 мингдан зиёд иштирокчи, шу жумладан 79 нафар туризм вазири, 24 нафар вазир ўринбосари келиши кутилмоқда.
– Бу тадбир мамлакатимиз туризм салоҳиятини кўрсатиш учун жуда катта имконият, – деди давлатимиз раҳбари.
Шу боис Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан соҳа вакилларини жалб қилиб, ҳар бир ҳудуднинг тарихи, табиати, маданияти, зиёратгоҳлари, овқатлари, сайёҳлик масканлари ва маршрутларини намойиш этиш, лойиҳалар таклиф қилиб, келишувларга эришиш зарурлиги таъкидланди.
Жойлардаги сайилгоҳ ва истироҳат боғларини жонлантириш, тематик туризм кўчаларини ташкил қилиш, бадиий жамоаларни либос ва анжомлар билан таъминлаш масалалари бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилди.
Мухтасар айтганда, Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши нафақат туризм соҳаси, балки маданият жабҳасидаги ишларни янги босқичга кўтаришда муҳим туртки бўлди. Зеро, маданий тадбирларни юқори савияда ташкил этиш орқали бутун дунё аҳлига халқимизнинг юксак даҳосини, сержилва қирраларини, ҳеч бир миллатдан кам бўлмаган маънавий даражасини, умуминсоний қиёфасини кўрсата оламиз. Шу орқали жаҳонда жонажон Ўзбекистонимизнинг сайёҳлик салоҳияти ошиб, ижобий имижи янада мустаҳкамланиб бораверади.
Озодбек Назарбеков,
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири