Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юксак чўққиларни кўзлаб
16:48 / 2023-07-29

Яхши хушхабарнинг қаноти бўлади дейишади. Аслида ҳам шундай. Сирдарё вилояти Сардоба туманида “Бирлашган” маҳалласи аҳолиси бундай севинчли хабарлардан эндиликда тез-тез баҳраманд бўлишса ажаб эмас.

Куни кеча Азмиддин Эшбоевнинг фарзанди “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирланди. Хуш хабардан хабардор бўлган Азмиддин Эшбоевнинг хонадони қариндошлар, яқинлар билан файзга тўлди. Бунга аввалига ота-онаси ҳам ишонишмади. Фарзандини пойтахтга мукофотни топширишга чақиришганида, чинлигини англашди. Лекин ёш шахматчи бу пайтда Озарбайжонда мусобақада иштирок этаётган эди.  

Баҳромжоннинг шахматчи бўлиб етишишига асли бобосининг меҳнатлари катта. Бобосининг “шахмат ақлни чархлайдиган, хотирани мустаҳкамлайдиган ўйин, вақтни бекорга ўтказма, вақти келиб, чемпион бўлганингда мендан хурсанд бўласан”, деган гапларни бугун Баҳромжон кўп эслайди. У 2016 йил 8 ёшида “Камолот шахмат тахтаси” деб номланган республика танловида 1-ўринни эгаллаганида оилада байрам бўлиб кетган эди. Ўшандан бошлаб у қатор-қатор медалларга эга бўлди. 2018 йил 10 ёшида Ўзбекистон чемпиони бўлди. Кейин 12 ва 15 ёшида яна Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. Осиё ва Жаҳон чемпионатида ҳам муваффақиятли қатнашди. 2019 йилда Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтган мусобақаларда ўз иқтидорини намойиш этиб, кучли ўнталикдан ўрин олди. Озарбайжоннинг Нахчавон шаҳрида бўлиб ўтган 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси фахрли 2-ўринни эгаллаб, “Осиёда тенгсиз” деган номга эга бўлди. Баҳром Баҳриллаев ҳам шу жамоа аъзоси эди. Энг қувончлиси жорий йил март ойида Баҳром Баҳруллаев спорт устаси талабларини бажарди ва “Фиде устаси” номига сазовор бўлди. У бугунда Юртбошимиз назари тушган чемпион, Давлат мукофоти соҳиби бўлди. Яна бир қувонарли томони, бобосининг ниятлари ушалди. Яқинлари даврасида “Баҳромни бобосининг дуолари қўллади, бобосининг орзулари амалга ошди” деган гаплар бот-бот тилга олинади.  

Ёш шахматчининг оила аъзолари билан суҳбатимиз чоғида устозлари ҳақида гап кетди. Биринчи устози, албатта, бобоси Баҳриддин Эшбоев эканлиги эътироф этилди. Азмиддин Эшбоев шахмат бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг собиқ бош мураббийси, ўнлаб моҳир шахматчиларни тарбиялаган марҳум Маматқул Хайлаевни ҳурмат билан тилга олди. Тошкентдаги шахмат академияси ўқитувчиси Элбек Алиқулов ҳам шогирдига мусобақаларга жисман ва руҳан тайёр бўлишликни уқтиради. Суҳбатимиз давомида Баҳромдаги хислатлар эътиборимизни тортди. У жуда камгап, камтар ва тортинчоқ экан.  

Баҳромга Давлат мукофотини топшириш ҳам ўзига хос бўлди. Юқорида таъкидлаганимиздек, 30 июнь – “Ёшлар куни” пойтахтда ёшларга мукофотларни тантанали топшириш маросими чоғида Баҳром юртимизда эмасди. Шу боис ёш шахматчи сафардан қайтгач, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаевнинг шахсан ўзи “Мард ўғлон” медалини шахматчининг кўксига тақиб қўйди.

– Бу кун сира ёдимиздан чиқмайди, – дейди Зуҳра Эшбоева. – Пойтахтга ўғлим қатнашган мусобақалар, ўйинларни кўриш учун кўп борганман. Лекин бу галгиси бошқача эди. Она учун давлатимизнинг юксак мукофотига лойиқ деб топилган фарзандининг тақдирланишига гувоҳ бўлишдан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ўша лаҳзалардаги ҳаяжонимни айтишга тилим ожиз. Севинч кўз ёшлари ҳам бўлди, албатта.. 

Ота-онанинг айтишича, икки ўғли Беҳруз ва Беҳзод ва етти ёшли қизи Баҳора ҳам шахматга қизиқар экан. Баҳора 6 ёшида Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиб, бир неча рақиблари устидан ғалаба қозонган. Баҳром Баҳруллаевнинг келажакдаги орзулари бир олам. У ўрта мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, чет тилини пухта ўрганиб, ўзи танлаган йўналиш бўйича олий таълим даргоҳида ўқишини давом эттиришини айтди. Узоқ ва нурли манзиллар, юксак чўққилар эса ҳали олдинда. Биз Баҳромжонга юксак чўққиларни забт этишда улкан зафарлар тилаб қоламиз. 

Шуҳрат Суяров, ЎзА мухбири