Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юклар инсон омилисиз божхона расмийлаштирувидан ўтказилмоқда
18:54 / 2022-06-22

Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси журналист ва блогерлар учун “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постига медиа-тур ташкил этди.

Вилоят божхона бошқармаси мутасаддиларининг таъкидлашича, кейинги йилларда соҳада амалга оширилган ислоҳотлар божхона органларида “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби ахборот тизимларини кенг жорий этди. Бу ўзгаришлар божхона юк декларациясини расмийлаштириш вақтини экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирди. Божхона юк декларацияларининг 76 фоизи соддалаштирилган тартибда расмийлаштириладиган бўлди. Бу кўрсаткич экспортда 84 фоиз, импортда 74 фоизни ташкил этди. Божхона юк декларациялари, рухсат бериш тусидаги ҳужжатларнинг қоғоз шаклидан бутунлай воз кечилди. Соҳада юз берган янгиланишлар жараёнида божхона расмийлаштирувини тўла автоматлаштириш, бунда энг аввало, инсон омилини қисқартириш заруратини юзага келтирди. Қоғозсиз ва электрон божхонанинг мантиқий давоми ҳисобланган рақамли божхона сари дадил қадам ташланди.

Президентимизнинг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида” ги фармони бу борадаги ишлар самарадорлигини янада ошириб, илгари амалиётда кузатилмаган бутунлай янги шаклдаги божхона пости ташкил этиш йўлларини белгилаб берди. Шунга мувофиқ вилоятда синов тариқасида фаолият юритаётган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида божхона расмийлаштирувини инсон омилисиз амалга ошириш учун барча шароит яратилган.

Медиа-тур иштирокчилари инсон омилисиз фаолият юритадиган янги божхона пости билан яқиндан танишиб, иш жараёнларини кузатди.

Вилоятда тўртта ташқи иқтисодий фаолият божхона пости мавжуд. Эндиликда улар юкларни расмийлаштиришгача бўлган жараёнларни бажармоқда. Божхона расмийлаштируви билан боғлиқ барча ишлар ўндан ортиқ замонавий компьютер ўрнатилган “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида амалга оширилаётир. Янги постда шунингдек, товарларни электрон кўриш учун ҳам етарли шароит бор. Ҳар бир ташқи иқтисодий фаолият божхона пости омборидаги маҳсулотни кўриш учун махсус монитор ўрнатилган.

–Бу ерда божхона тартиботлари масофадан туриб амалга оширилади, – дейди “Масофавий электрон декларациялаш” божхона пости божхона расмийлаштирув ходими, божхона хизмати капитани Беҳзод Норбоев. – Яъни, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан тақдим этилган электрон божхона юк декларациялари масофавий тарзда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Ташкил этилганига атиги бир ойдан ошган мазкур постда 5,7 мингдан ортиқ божхона юк декларациялари расмийлаштирилди. Уларнинг 3,8 мингдан ортиғи ёки 67 фоизи “Хавфларни бошқариш” тизимида яшил ва сариқ йўлакларга йўналтирилди. Бу эса тадбиркорнинг вақти ва харажатлари сезиларли даражада қисқараётганини англатади.

Масалан, илгари божхона юк декларацияларининг расмийлаштирувига экспортда ўртача 1 соат сарфланган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич ўртача 48 дақиқани ташкил этмоқда.

Янги тизимнинг яна бир қулай жиҳати шундаки, мазкур постларда эндиликда божхона ходимлари зиммасига тушаётган юклама ҳам тенг тақсимланади. Масалан, илгари вилоят марказидаги “Термиз” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ходими расмийлаштирган кунлик божхона юк декларациялари сони билан воҳа марказидан бироз узоқдаги “Денов” божхона постидаги ходим расмийлаштирган божхона юк декларацияси сони ўртасида сезиларли фарқ бўлган. Қолаверса, ТИФ божхона пости ходими бир пайтнинг ўзида ҳам декларацияни расмийлаштирар, ҳам божхона кўригида қатнашар, ҳам қайта юклаш операцияларини амалга оширар эди.

Медиа-тур иштирокчиларини қизиқтирган яна бир янгилик ушбу пост ходимларига онлайн режимда ташқи иқтисодий божхона постларидаги божхона назорати жараёнларини кузатиб бориш имконияти яратилгани бўлди. Чунки, божхона расмийлаштирувини амалга ошираётган ходимда бирон савол туғилса шу заҳоти видеокузатув тизими орқали ташқи иқтисодий божхона постида божхона назоратини ўтказаётган ходим билан бевосита видеомулоқот қилиш, омбордаги юкларни кўздан кечириш, агар тадбиркорда бирон мурожаат пайдо бўлса, шу жойнинг ўзида онлайн видеоалоқа тарзида амалга ошириш мумкин.

Хўш, бу янгиликдан тадбиркорлик субъектлари қандай фойдаланмоқда? Бу масала Термиз шаҳридаги корхоналардан бири мисолида қўриб чиқилди. Жумладан, ип-калава ярим тайёр маҳсулот ишлаб чиқараётган “Амудартекстиль” корхонасининг жорий йил 20 апрелдан буён 20 партиядаги оғирлиги 397 тонна бўлган 1 миллион доллар қийматидаги экспорт товарлари айнан “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постида расмийлаштирилди. Бунда Хитой ва Туркия давлатларига экспорт қилинган товарларга тегишли декларацияларнинг 88 фоизи “яшил” йўлакка йўналтирилган.

Жорий йилнинг ўтган беш ойида Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси тасарруфидаги ташқи иқтисодий фаолият божхона постлари орқали 130 миллион долларлик товарлар экспорт қилинган бўлса, 113,7 миллион долларлик товарлар импорти амалга оширилган. Бунда хавфни бошқариш тизими орқали экспорт ва импортда 72 фоиз товарлар соддалаштирилган тарзда яъни, яшил ва сариқ йўлакларга йўналтирилган.

–Рақамли божхона деганлари шунчаки баландпарвоз гап эмас экан, – дейди “Менинг юртим” телеканали мухбири М. Панжиева. – Аксинча, иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили, тадбиркорларимизнинг яқин кўмакчиси эканини чуқур ҳис этдик. Инсон омилисиз тез, аниқ амалга оширилаётган бу ишлар бизда катта таассурот қолдирди.

Тадбир якунида бир гуруҳ журналист ва блогерларга 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Давлат божхона қўмитаси ва вилоят божхона бошқармасининг совғалари топширилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири