Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юк ва йўловчи ташиш фаолияти доимий назоратда
18:38 / 2024-10-05

Республика Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси ташаббуси билан Наманганда ташкил этилган матбуот анжумани ва пресс-турда, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерларга йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда автомобиль транспортида юк ва йўловчи ташиш фаолияти белгиланган тартиб ва қоидаларга риоя этилган ҳолда амалга ошириш юзасидан атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, жорий йилнинг ўтган даврида Инспекция қошидаги Автомобиль ва сув транспорт назорат Наманган вилояти ҳудудий бўлими инспекторлари томонидан вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси масъул ходимлари билан ҳамкорликда 847 маротаба рейд тадбири ташкил этилган. Буларда йўловчи ва юк ташиш фаолияти билан ноқонуний ҳолда шуғулланаётган уч мингдан ортиқ транспорт воситаси аниқланиб, ҳайдовчиларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексининг тегишли моддаларига асосан, 2 минг 840 дан ортиқ баённома расмийлаштирилди.  

Аниқланган маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан тузилган ҳайдовчиларга нисбатан қонуний чора кўриш учун тегишли судларга юборилди. Бундан ташқари ҳозирга қадар 63 нафар ҳайдовчига нисбатан “Каботаж ташувлари бўйича” маъмурий баённомалар тузилган.  

– Назорат ва рейд тадбирларимиз давомида аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан тузилган маъмурий баённомалар ижроси доирасида ҳайдовчиларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўриш мақсадида судларга 2 минг 940 та маъмурий материал юборилди, – дейди Автомобиль ва сув транспорт назорат Наманган вилояти ҳудудий бўлими бошлиғи Баҳодир Абдураимов. – Шулардан 1 минг 468 нафарига нисбатан тегишли чора кўрилди. Рейдлар натижасида, 1021 та ҳолатда 30 кунлик муддатда лицензия олиб фаолияти қонуний ҳужжатлаштирилди.  

Юк ва йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи 23 та корхона Автомобиль ва сув транспорт назорат Наманган вилояти ҳудудий бўлими томонидан текширилиб, шундан иккита субъектга тақдимнома берилган, биттасига нисбатан эса ҳуқуқий таъсир чора қўллаш учун судга юборилган.

Журналистлар ва ижтимоий тармоқ фаоллари пресс-тур давомида, Автомобиль ва сув транспорт назорат вилоят ҳудудий бўлими инспекторлари томонидан ташишлар фаолияти билан қонунга зид равишда шуғулланаётган ҳайдовчиларга қарши олиб борилаётган рейд ва профилактик тадбирлар жараёнларига гувоҳ бўлди.

Шунингдек, оғир вазнли юкларни автомобиль транспортида ташишда белгиланган меъёрларга амал қилинишини назорат қилиш мақсадида Давлатобод тумани Гулобод маҳалласи ҳудудида ўрнатилган кўчма тарозилар фаолияти, унинг ишлаш тартиби, қоидабузарларга белгиланган жазо турлари ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.