English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамалари учун йиғим жорий этилади
16:27 / 2023-12-20

Сенат ялпи мажлисида 2024 йил учун Давлат бюджети маъқулланиши билан бирга “Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2024 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун кўриб чиқилди.

Қонунда 2024 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари белгиланиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини оширишга эътибор қаратилган.  

Ўзини ўзи банд қилган шахсларга солиқ солиш тартибини такомиллаштириш, қўшилган қиймат солиғи занжирининг узлуксизлигини таъминлаш, табиий бойликлардан самарали ва оқилона фойдаланиш, мутлақ суммада белгиланган солиқ ставкаларининг кутилаётган инфляция даражасидан келиб чиққан ҳолда индексация қилиниши назарда тутилган.  

Оғир юк машиналари томонидан республика ва маҳаллий даражадаги йўллардан фойдаланишда уларни яроқсиз ҳолга келтириш оқибатида етказилаётган зарарларни қоплаш мақсадида юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорт воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғим жорий этилмоқда.  

Бизнес юритишни соддалаштириш мақсадида солиқ ҳисоботини сақлаш ва солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари қисқартирилиб, беш йиллик муддатлар уч йил қилиб белгиланмоқда.  

Солиқ тўловчиларга енгилликлар яратиш мақсадида қоғозбозликни бартараф этиш, ортиқча ҳужжатлар талаб қилмаслик ва уларнинг вақт ҳамда маблағлари сарфланишини камайтириш учун солиқ органларининг солиқ тўловчилардан (солиқ агентидан) ҳужжатлар талаб қилиб олиш ваколати бекор қилинмоқда.  

Хорижий ва маҳаллий тадбиркорлар учун бир хил шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарлар (хизматлар)ни реализация қилувчи чет эл юридик шахслар, шунингдек, чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахслар, агар товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш жойи деб Ўзбекистон Республикаси эътироф этилса, у ҳолда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлиши белгиланмоқда.  

Ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромади солиқ даврида юз миллион сўмдан ошган кундан эътиборан якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ тўлаши назарда тутилмоқда.  

“Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида” ва “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонунларда 2024 йил 1 июлдан бошлаб пневматик резина шиналар ва покришкалар ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш учун утилизация йиғими назарда тутилгани қайд этилди.  

Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳоли саломатлигини ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.  

Н.Абдураимова, ЎзА