ЙПХ инспекторига пора берган шахс ушланди
Бухорода йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимига пора берган шахс ушланди. Бу ҳақида вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ЙПХ инспекторининг билдиргиси асосида тезкор тадбир ўтказилган.
Натижада Ғиждувон тумани Соктари маҳалласида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро Ҳ.Х. ўз ҳайдовчисига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирмаслик ва автомашинани жарима майдонига жойлаштирмаслик эвазига инспекторга 500 минг сўм пора таклиф қилган. Фуқаро Ҳ.Х. Бухоро туманида жойлашган автомашиналар жарима майдони ҳудудида ушбу пулларни бераётган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ҳ.Х. га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК.нинг 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА