Фарғона вилоятида жорий йил 25 минг гектар майдонда пахта билан бирга соя етиштириш режалаштирилган. Ўзига хос инновация сифатида баҳоланган агротехник тадбир бир вақтда соя ва пахта ҳосили олиш имконини беради.
Ёзёвон туманида бу борада иш олиб бораётган ташаббускор фермерлар кўп. “Элёр-Н” фермер хўжалиги янги усулда деҳқончилик қилишга киришди. Айни кунда 16 гектар майдонга пахта уруғлари билан бирга соя экилди. Фермер ғўза ва соя парваришлаш технологияси билан яхши таниш.
–Ушбу усул ер, сув, минерал ўғит ва бошқа ресурслардан оқилона фойдаланиш имконини беради, – дейди фермер Элёрбек Назиров. – Чунки соя ғўза қатор ораларига, аниқроғи ғўза ниҳолларининг ўртасига қадалади. Шу боис, уни қўшимча озиқлантиришга ҳожат йўқ. Ғўза парваришига сарфлаган ресурслар ҳисобига соя униб-ўсиб, ҳосил беради.
Фермер бир гектар ердан ўртача 35-40 центнердан пахта ҳосили олиш билан бирга, 500-600 килограмм қўшимча ҳосил – соя дони етиштиришни мўлжаллаб турибди. Бир килограмм соя донини 10 минг сўмдан сотган тақдирда, ҳар гектарига 5-6 миллион сўм миқдорида даромад қўшилади.
Соя дони таркибида 50 фоиз оқсил, 28 фоизгача мой бўлиб, озиқ-овқат саноатида муҳим хом ашё ҳисобланади. Ундан совун, лак-бўёқ, пластмасса, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Соядан шрот, кунжара олинади. Яшил пояси чорва учун тўйимли озуқа.
–Мавсумда тумандаги 1587 гектар майдонда чигит ва соя уруғи экиш ишлари якунланяпти, – дейди туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Дилшод Камолиддинов. – Бу мақсадлар учун 5 та махсус сеялка жалб этилган. Улар бир вақтнинг ўзида чигит ва уруғлик сояни санаб, оралатиб экади. Жойларда аралаш экишнинг афзалликлари, етиштириш технологияси хусусида кўргазмали семинарлар ўтказилди, зарурий қўлланмалар берилди. Чунки соя ўсимлиги биологик хусусиятига кўра, жой танламайди. Шўрланган, ер ости сув сатҳи кўтарилган экин майдонларида ҳам ўсаверади. Энг муҳими, у ернинг ҳолатини яхшилайди, тупроқни азот билан бойитади.
Ғўза қатор орасида соя етиштириш деҳқон ва фермер хўжаликлари иқтисодиёти учун ҳар тарафлама фойда келтиради.
[gallery-2055]
М. Сулаймонов, М. Қодиров (сурат), ЎзА