Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёзёвон тажрибаси: “Обод марказ” дастури самара бера бошлади
12:33 / 2022-03-18

Марказий Фарғона чўли ҳудудида жойлашган Ёзёвон тумани бугун янада чирой очиб, кўркам қиёфа касб этмоқда.

“Юқори сойбўйи” маҳалла фуқаролар йиғинида “Янги Ўзбекистон” массивининг қурилиш ишлари бошланди. Бир пайтлар одамлар орзу қилган шаҳардагидек шароитлар энди қишлоқларда яратилмоқда. Ёзёвонга қадам қўйган киши бу ўзгаришлар, янгиланишларни яққол сезиши мумкин.

Туман ҳудудидан ўтган А-373 халқаро аҳамиятдаги йўл бўйларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси ривожлантирилиб, янги объектлар ишга туширилди ва бу ишлар давом этмоқда. Бу ҳудудда аҳоли балиқчиликда катта тажриба мактабига эга. Айни кунларда саноат ва тадбиркорлик йўналишида кўплаб лойиҳалар амалга оширилаётгани эътиборга лойиқ.

Тўғриси, бир пайтлар нафақат қишлоқлар, балки туман марказларини ободонлаштириш масаласи муаммо бўлган. Бугунга келиб эса вазият бутунлай ўзгарди. Биргина “Обод қишлоқ” дастури асосида ўндан ортиқ қишлоқлар бутунлай обод бўлиб, ичимлик суви, электр энергия таъминоти, йўлларни таъмирлаш каби масалалар ижобий ечим топди. Аҳолининг турмуш даражаси яхшиланяпти.

Фарғона вилоятида биринчилардан бўлиб, ўтган йил туманда “Обод марказ” дастури ишлаб чиқилди. Айни дастурга мувофиқ амалга оширилаётган катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари натижасида туман маркази чирой очиб, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудга айланмоқда.

Мустақиллик кўчасида 7 миллиард 400 миллион сўмлик лойиҳа асосида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Рости, ёзёвонликлар туманга келган меҳмонни олдида “шу марказий кўчамиз” дейишга хижолат бўлган. Қисқа вақт ичида 1,2 километр узунликдаги йўл кенг ва равон, йўл ўртасида такрорланмас дизайн усулдаги тунги чироқлар, пиёдалар, велосипедчилар учун йўлаклар, ариқлар, яшил майдон ташкил этилди. Бу кўчадан юрган кишининг дили яйрайди, ободликдан кўз қувнайди.

Туман ҳокими Дилшоджон Жалиловнинг маълум қилишича, бу ишлар тизимли давом эттирилади. Жорий йилда Ал Фарғоний кўчасида 3 миллиард сўмликдан ортиқ маблағ ҳисобига ободонлаштириш ишлари амалга оширилади.

М.Сулаймонов, ЎзА