Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сони ошмоқда, сифатчи?
14:23 / 2022-07-29

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари сони яқин йилларда ҳам 600 нафар атрофида эди.

Уюшма раиси Сирожиддин Саййид бир тадбирда ушбу рақамларни очиқлаб ўтган эди. Охирги уч йил ичида уюшмага аъзолар сони кескин ошиб кетди. Бунга асосий сабаб сифатида уюшма аъзоларига имтиёзли турар жойлар ва аъзоларга берилаётган бошқа қулайликларни келтириш мумкин. Уюшма аъзоларига берилган имтиёзли уйлардан олган ёшларнинг аксарияти  уюшмага янги аъзо бўлган. 

– Мен Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси эмасман, – дейди ёзувчи Шерзод Халил. – 2001 йилда Абдулла Орипов шахсан Муҳаммад Юсуфга мени уюшмага аъзо сифатида киритишга тавсия қилганларида ҳам бунга жиддий қарамаганман. Чунки менга аъзолик эмас, кўпроқ ёзиш жараёнининг ўзигина қизиқ эди. Имтиёзлар, медаллар, аллақандай муҳр урилган дипломлар ишқибози бўлмаганман. Кейинги пайтда уюшмага шунчалик кўп аъзолар қабул қилиндики, энди уюшма аъзоси бўлишнинг ўзи шараф бўлмай қолди. Чунки илгари ҳаваскор ижодкорларни уюшма ўз аъзолигига олмасди. Охирги вақтларда вазият анча либераллашган, бундан руҳланган кўплаб ҳаваскор ижодкорлар ўзини уюшмага урди. Уларнинг кўпларини ижод қилиш эмас, имтиёзлар чорлади. Булар ичида имтиёзли кредит асосида уй-жой олишга ҳавасмандлар, ёз-ёз касалига учраган, аммо ёзганлари шимилдириққа ҳам арзимайдиган ўртамиёналар, китоб чиқариш, Дўрмон ижод уйи ва санаторийлардан фойдаланишни кўзловчилар, диплому медаль ва унвон ишқибозлари бор эди. Қизиғи, баъзи ҳақиқий ёзувчилар чеккада қолиб кетди. Ёзувчилар уюшмаси аввало, профессионал ёзувчиларга хизмат қилиши керак эмасми?! Очиғи мен уларни нима билан шуғулланаётганини тушунмайман. 

Тўғри, уюшма аъзоларига ҳар ойда моддий ёрдам берилмайди.  Уюшма аъзоси бўлганлиги учун  китоблари текин чоп этилмайди.  Аммо Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмасининг қатор имтиёзларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. 

– Бақир-чақир қилиб шеър ўқиш, тумонат одам йиғилиб шеър эшитадиган давр эмас, – дейди адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдош. – Одамлар аввалгидек бадиий адабиётга ташна эмас. Шоир ёки ёзувчининг обрўси аввалгидек осмон эмас. Одамларни тирикчилик дарди, кўпроқ пул топиш эҳтиёжи баландлаб кетди. Адабиёт, санъат бироз кейинги ўринга тушиб кетди. Шунинг учун ҳам китоблар кам ададда чиқяпти. Лекин шоир кўп, ёзувчи кўп. Ҳатто ёзилаётган бадиий асарларни адабиётшунослар ҳам ўқиб улгурмаяпти. Ачинарлиси, адабиётшунослар томонидан яроқсиз деб топилган шеърлар, асарлар муаллифлари уюшмага аъзоликка қабул қилинибди. Тўғри, адабиётшунослар ва уюшмага қабул қилишнинг мезони бошқа-бошқадир. Аммо ҳақиқий китобхон ёзувчи савиясини унинг орден медаллари ва мукофотлари орқали белгиламайди. Ҳақиқий ўқирмон ҳеч қандай уюшмага аъзо бўлмаган чўпоннинг яхши ёзилган ҳикоясини ўқиб завқланаверади. Майли, қашшоқ кўпайгандан, машшоқ кўпайсин, дейди халқимиз. Мана шу аъзолик туфайли адабиёт оралаб юрганларнинг ҳам елкасига шамол тегса, яхшилик топса буни ёмон томони йўқ. Фақат саралашдан, чиғириқдан ўтказаётганда уюшма аъзолигига ким лойиқ, унинг бошқа уюшма аъзолари билан бир сафда туришга ҳақлими, деган ўринли саволни бериб кўрилса ёмон бўлмасди. 

Жорий йилда ҳам Ёшлар куни, Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни ва бошқа саналар муносабати билан уюшмага янги аъзолар қўшилди. Қувонарли томони, маълум сабабларга кўра, уюшма аъзолигидан четлатилган бир қатор ижодкорларга сўнгги йилларда яна қайта аъзолик гувоҳномалари топширилди. 

– Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари 1002 нафарни ташкил этади, – дейди Ёзувчилар уюшмаси раисининг матбуот котиби Фозил Фарҳод. – Узоқ йиллар бурун турли сабабларга кўра уюшма аъзолигидан ўчирилган 15 нафар ижодкорнинг аъзолиги 2018 йилдан шу кунга қадар қайта тикланди. Уларнинг гувоҳномаси уюшманинг янги биносида тантанали топширилди. 

Мамадали Маҳмудов, Нортўхта Қилич, Дилшода Саидолимова, Гулчеҳра Нуриллаева, Шароф Убайдуллаевлар шулар жумласидандир. 

Дилобар Маматова, ЎзА