Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли ҳажвчи адиб, публицист, драматург ва таржимон Ҳабиб Сиддиқнинг “Сайланма” ва “Нимкоса” китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.
Ижод аҳли иштирокидаги ушбу тадбирда Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Aли, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Aбдураҳмонов ва бошқалар адиб, публицист ижоди хусусида атрофлича сўзлади.
– Aдибнинг “Сайланма” китобидан турли йилларда ёзилган қиссалари, ҳикоя, ҳажвия ва ҳангомалари, кўнгилдаги гаплари, суҳбатлари, публицистик мақола ва таржималаридан намуналар ўрин олган, – деди Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Aли. – Ундаги асарлар мазмунан ранг-баранглиги, ҳаётийлиги, ширали тили, ҳазил-мутойибага йўғрилгани, кутилмаган ечимлари, тагдор иборалару илмоқли гапларга бойлиги, салмоқдор ижтимоий юки ва фалсафий хулосалари билан ўқувчи эътиборини тортади.
– Ёзувчининг “Нимкоса” тўпламига жамланган, ҳазил-мутойибага йўғрилган, кўнгилдаги гаплар, кўндаланг саволлар, ён дафтардаги қайдлар ўқувчини теран мушоҳада қилишга, атрофга очиқ кўз билан қарашга, ҳаётнинг қадрига етишга ундайди, – деб таъкидлади уюшма аъзоси Орифҳожи Мелиев.
Тақдимотда иштирок этган адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, адибнинг янги китобларини таҳлил қилиш жараёнида унинг миллий адабиётимиз, айниқса, ҳажвиётимиз ривожига қўшган ҳиссаси, ижодининг ўзига хос ва бетакрор жиҳатлари, инсоний фазилатлари ҳақида сўз юритди.
Тадбир сўнггида ёзувчи Ҳабиб Сиддиқ фаол иштирокчиларга китоблар совға қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА