Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Ёзма манбаларда Турон ҳарб иши тарихи” мавзусида илмий йиғин ўтказилди
13:56 / 2025-09-30

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтида “Ёзма манбаларда Турон ҳарб иши тарихи” биринчи эллараро илмий йиғин бўлиб ўтди.

Йиғин аввалида Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор, атоқли тарихчи олима  Дилноза Жамолова миллий давлатчилигимиз тарихида ҳарб ишининг аҳамияти ва ҳарб санъатини чуқур ўрганишда ёзма манбаларнинг зарурати ва уларнинг муҳим экани ҳақида фикр билдирди. Шунингдек, аждодларимиздан катта мерос бўлиб қолган ҳарб санъати тарихни ўрганиш борасида институтда янги йўналиш ташкил этилгани, мутахассислар тайёрлаш ишлари ва уларга яратилган шарт-шароитларга тўхталиб ўтди.    

Дарҳақиқат, буюк Соҳибқирон бобомиз Амир Темур, шоҳ ва беназир шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳарб илмига оид тактикаси салтанат яхлитлиги ва хавфсизлиги, маъмурлиги ва ободлиги, ижтимоий адолатни таъминлашда муҳим омил бўлган. Шу сабабли боболаримизнинг  ҳарб ишига оид анъаналари ва ёндашувлари, бу борада яратган ўзига хос мактаблари ҳозирда ҳам жаҳон олимлари томонидан катта қизиқиш билан ўрганилади.  

Тарих институти кичик илмий ходими Акобир Тоиров “Уруш ва ботирлик одоби” асари асосида Турон ҳарбий тарихига оид муҳим илмий янгиликлар билан таништирди. Тарих институти кичик илмий ходими Улуғбек Олимов ўз маърузасида “Хазиналар ва совғалар китоби” асари асосида Сомонийлар сулоласи ҳарбий тарихи ҳақида қимматли маълумотларни тақдим этди.  

Туркиялик тарихчи Муҳаммад Амин Кочак  “Насабларни улуғловчи” асари асосида Амир Темурнинг қўмондонлари ва уларнинг фаолияти ҳақида қизиқарли маълумотлар билан таништирди. Озарбайжоннинг Боку давлат университети профессори Лола Оғамирза Алиева  ўрта аср араб муаллифларининг асарлари асосида Халифалик қўшини таркибидаги турклар ва уларнинг мавқеи ҳақидаги фикрларини баён этди.

Тарих институти кичик илмий ходими Жавоҳир Азимқулов ўз маърузасида “Туркларнинг фазилатлари” асарида баён этилган туркий халқларнинг ҳарбий маҳорати ҳақида сўз юритди. Араб манбалари асосида Амир Темур қўшинида махфий хизмат ва унинг фаолияти ҳақида Фанлар академияси Тарих институти кичик илмий ходими Элёрбек Турдимирзаев қизиқарли ва қимматли маълумотлар билан ўртоқлашди. Ориентал университети катта ўқитувчиси Шерзод Жўраев эса ўз чиқишида Султон Ҳусайн Мирзонинг ҳарбий маҳорати ҳақида сўз юритди.  

Йиғиннинг якуний қисмида ўзаро савол-жавоблар ва муҳокамалар қизғин тарзда ўтди.

Н.Усмонова,

ЎзА