Сурхондарё вилоятидаги Денов тадбиркорлик ва педагогика институти “Долзарб 90 кунлик” доирасида тумандаги иккинчи политехникум ҳамкорлигида “Биология” фани ўқув курсини ташкил этиб, ёшларга фан сирларини чуқур ўргатмоқда.
Тингловчиларга институтнинг аниқ ва табиий фанлар факультети профессор-ўқитувчилари сабоқ бериб, уларнинг ёзги таътилда назарий билим ва амалий кўникмаларини янада мустаҳкамлашга кўмаклашмоқда.

– Биология фанига қизиқишим жуда баланд, – дейди политехникумнинг 1 курс ўқувчиси Машҳура Турсунова, – Ёзги таътил даврида ташкил этилган курс машғулотларида мунтазам иштирок этиб, билимларини янада мустаҳкамладим. Биология фанидан олий таълим муассасаларига ўқишга киришда имтиёз берувчи миллий сертификатларга эга бўлдим. Бу менинг келгусида ўзим қизиққан йўналишда таълим олишимда муҳим ўрин тутади.

Ўқув курси ўғил-қизларнинг ёзги таътилда нафақат билимларини оширишга, балки олий таълим муассасасига ўқишга киришга тайёрлаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда. Бу ерда барча дарслар Ислом тараққиёт банки молиялаштирган халқаро грант лойиҳаси кўмагида замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган фан кабинетларида ўтилмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири